25.03.2024 14:29

Нигерияда ўғирлаб кетилган 287 ўқувчи озод қилинди

Нигериянинг Кадуна штати губернатори Уба Сани 7 март куни Курига шаҳридаги мактабларидан ўғирлаб кетилган 287 нафар ўқувчининг озод этилиши ҳақида маълумот берди. Улардан камида 100 нафари 12 ёш ва ундан кичикдир.

“Ўғирланган мактаб ўқувчилари соғ-саломат қўйиб юборилди”, - деб ёзди губернатор Уба Сани Х ижтимоий тармоғидаги (собиқ Твиттер) расмий аккаунтида.

У ўз баёнотида Нигерия президенти Бола Тинубуга, жумладан, ўғирланган мактаб ўқувчиларининг соғ-омон қўйиб юборилишини таъминлагани учун миннатдорчилик билдирди.

Кадунада болаларнинг ўғирланиши учун жавобгарликни ҳеч қайси гуруҳ ўз зиммасига олгани йўқ. Бироқ маҳаллий аҳоли товон пули олиш учун қароқчилик қилувчи гуруҳларни айбламоқда. Уларнинг кўпчилиги ўтроқ жамоалар билан зиддиятда бўлган собиқ чорвадорлардир.

Қароқчилар билан музокаралар олиб борган Усмон Данфодийо университетининг тадқиқотчи профессори Муртала Аҳмад Руфаи ҳамда Шайх Аҳмад Гумийнинг айтишича, жиноятчилар минтақадаги кенг ўрмонларда яширинишган.

Нигерияда оммавий одам ўғирлаш ҳолатлари тез-тез учраб туради. Қароқчилар ўғирлаб кетилганларнинг оилалари тўлов тўлаганидан кейин ёки ҳукумат ва хавфсизлик идоралари расмийлари билан музокаралардан сўнг асирларни қўйиб юборишади.

Шанба куни мамлакатнинг Шимолий Сокото штатида ҳам камида 17 нафар мактаб ўқувчиси икки ҳафта ўтиб қутқарилгани ҳақида хабар қилинган эди. Баёнотда айтилишича, қутқарув операцияси, худди Кадунадаги ўқувчилар каби, Нигерия миллий хавфсизлик маслаҳатчиси идораси томонидан мувофиқлаштирилган.

2014 йилдан буён Нигерия мактабларидан камида 1400 нафар ўқувчи ўғирлаб кетилган. Сўнгги йилларда ўғирлашлар мамлакатнинг шимоли-ғарбий ва марказий минтақаларида кўпроқ кузатилмоқда. Ушбу ҳудудларда ўнлаб қуролли гуруҳлар тўлов учун қишлоқ аҳолиси ва саёҳатчиларга тез-тез ҳужум қилишади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.