29.01.2024 11:00

Нигерияда чўпонлар ва деҳқонлар тўқнашувида 48 киши ҳалок бўлди

Нигериянинг марказий Плато штатида чорвадорлар ва деҳқонлар ўртасидаги тўқнашувларда беш кун ичида 48 киши ҳалок бўлди. Мангу шаҳридаги тўқнашувлар беш кундан бери давом этмоқда.

Тўқнашувларда Фулани (асосан мусулмонлар) ва Мвагафул этник гуруҳлари иштирок этган. Улар штат губернатори 24 соатлик комендантлик соати жорий қилганига қарамай, ресурслар (ер ва сув)дан фойдаланиш борасида келиша олмаяпти. Тўқнашувлар вақтида 6 та масжид ва 2 та черков ҳам ёқиб юборилган.

Мангу маъмурияти раҳбари Маркус Артунинг сўзларига кўра, юзлаб маҳаллий аҳоли ваҳима ичида уйларини ташлаб кетишган.

Нигерия қуруқлик қўшинлари қўмондони Таориид Лагбажа Платога қўшинлар юборилгани ва тинчлик ўрнатиш учун барча зарур чоралар кўрилаётганини маълум қилди.

Нигерия Қизил Хоч ташкилотининг Мангудаги минтақавий идораси раҳбари Нурудийн Ҳусани Магажининг айтишича, ҳудудда лагерь ташкил этилган бўлиб, 1500 га яқин одам тўқнашув зонасидан эвакуация қилинган.

Плато губернатори Жалеб Мутфванг жанглар туфайли Мангуда 24 соатлик комендантлик соати эълон қилди.

Можарога чорва молларининг ўғирлангани сабаб бўлгани айтилмоқда. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, қуролланган ўғрилар Фулани жамоасига тегишли чорва молларини ўғирламоқчи бўлганидан кейин бошланган.

Нигерияда охирги марта Рождество куни уюштирилган ҳужум натижасида зўравонликлар тўлқини вужудга келган, оқибатда камида 140 киши ҳалок бўлганди.

Нигериянинг Плато штати шимолидаги ясси тоғларда асосан мусулмонлар, жанубида эса насронийлар истиқомат қилади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.