Нигерияда 17 ой ичида бўғма касаллигидан 1200 дан ортиқ одам вафот этди
Нигерия Касалликларни назорат қилиш маркази (NCDC) сўнгги 17 ой ичида дифтерия – бўғма касаллигидан 1191 киши вафот этганини хабар қилди.
NCDC вакили Муззаммил Гаданянинг айтишича, 2023 йилнинг
майидан 2024 йилнинг сентябрига қадар мамлакатда дифтерия билан касалланган 38
мингдан ортиқ шубҳали ҳолатлар қайд этилган, улардан 23 мингтаси тасдиқланган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти аввалроқ Нигерияда бўғма эпидемиясининг
иккинчи тўлқини кузатилаётганини маълум қилган эди.
Ўтган йили ЮНИСEФ
эпидемияга қарши курашиш учун Нигерияга 9,3 миллион доза вакцина юборган эди.
Бўғма – бу Corynebacterium diphtheriae (дифтерия таёқчаси)
бактерияси келтириб чиқарадиган юқумли касаллик. Асосан ҳиқилдоқ, томоқ шиллиқ пардаларининг
яллиғланиши билан кечадиган ўткир инфекцион хасталик. Дифтерия таёқчасининг
ўрнашган жойига ва кўпайишига қараб томоқ, бурун, ҳиқилдоқ, кўз, тери, ташқи
жинсий аъзоларга таъсир қилади. Инфекция ҳаво томчилари орқали юқиб, ўлимгача
олиб келади.