06.02.2025 15:49
Нигерия эпидемиялар панжасида: миллионлаб одамлар хавф остида
Африка қитъасининг энг гавжум мамлакати, 50 фоиз аҳолиси мусулмонлар бўлган Нигерияда менингит, Ласса иситмаси, вабо, қизамиқ ва безгак каби хавфли касалликлар кенг тарқалмоқда. Бу касалликлар миллионлаб одамларнинг ҳаётини таҳдид остига қўймоқда.
Нигерия аҳолиси тахминан 235 миллион кишини ташкил қилади, уларнинг 50% мусулмонлар ва 40% насронийлар. Мамлакатда эпидемиялардан юқтириш хавфи юқори бўлиб, айниқса, қишлоқ ҳудудларида адекват тиббий хизмат ва тоза ичимлик сувига етишиш қийин.
Нигерия Африканинг энг йирик иқтисодиётларидан бири бўлишига қарамай, соғлиқни сақлаш тизимида жиддий камчиликлар мавжуд.
Жумладан, давлат шифохоналарида замонавий тиббий асбоб-ускуналар ва дори-дармонлар танқис. Электр таъминоти ва тоза сув етишмовчилиги вазиятни янада оғирлаштирмоқда.
Нигерия соғлиқни сақлаш вазири Изиака Адекунле Салако маълум қилишича, 200 миллионга яқин одам гвинея қурти, мохов, дарё кўрлиги ва қутуриш каби тропик касалликлар хавфи остида.
Менингит ва Ласса иситмаси – 762 киши вафот этди
Вабо эпидемияси – 400 дан ортиқ ўлим қайд этилди
Қизамиқ ва безгак – миллионлаб одамларга хавф солмоқда
Нигерия ҳукумати 2030 йилгача менингитга қарши кураш бўйича янги чоралар эълон қилган бўлса-да, вазият ҳали ҳам жиддийлигича қолмоқда. ЮНИСEФ ва Европа Иттифоқи эпидемияларга қарши курашни қўллаб-қувватламоқда, бироқ бу етарли эмас.
Эпидемиялар кенгайишда давом этар экан, миллионлаб мусулмон ва насроний аҳоли хавф остида қолмоқда.