Нетаняху кетади, лекин ҲАМАС қолади – АҚШ разведкаси
Душанба куни эълон қилинган АҚШ разведкасининг янги баҳосида Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняхунинг ҳокимиятни ушлаб туриш қобилиятига шубҳа билдирилган, деб ёзмоқда TRT.
2024 йил
учун йиллик таҳдид баҳоси Исроилнинг урушни тугатиш бўйича қарашлари ҳақидаги
хавотирларни таъкидлайди ва Нетаняхунинг ўнг-марказий коалицияси "таҳдид
остида бўлиши мумкинлигини" айтади.
“Урушдан
олдинги Нетаняхунинг бошқарув қобилиятига ишончсизлик даражаси жамоатчилик
орасида чуқурлашиб, кенгайганди. Энди эса унинг истеъфоси ва янги сайловлар
ўтказилишини талаб қиладиган оммавий норозиликларни кутмоқдамиз. Яна бир
мўътадил ҳукумат пайдо бўлиши мумкин”.
Ҳисоботда шунингдек, Исроил "ХАМАСни йўқ қилиш"
мақсадига эришишда қийналиши ҳақида прогноз қилиниб, "Исроил кўп йиллар давомида ҲАМАСнинг доимий қуролли
қаршиликларига дуч келиши мумкинлиги" қайд этилди.
Исроилнинг Ғазо жанубидаги Рафаҳда режаланган ҳарбий
амалиётлари муносабати билан сўнгги кунларда АҚШ президенти Байден ва Исроил бош вазири Нетаняху ўртасидаги зиддият
кучайган. Бироқ ушбу
разведка ҳисоботи сўнгги кескинликлардан анча олдин тайёрланган.
Йиллик ҳисоботда разведка идоралари “Исроил Ғазо секторидаги
оғир гуманитар вазият туфайли ортиб бораётган халқаро босимга дуч келади” деган
хулосага келди. Ҳисоботда, шунингдек, Ғазодаги уруш " ўлим ва
вайронагарчиликлар"
туфайли Исроил ва Қўшма Штатларга нисбатан жамоатчилик норозилиги кучайиши ортидан
"Американинг Яқин Шарқдаги ҳамкорлари учун қийинчилик туғдириши"
таъкидланган.
Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бёрнснинг таъкидлашича, "гаровга
олинганларни алмашиш келишуви
Ғазодаги урушни ҳеч бўлмаганда вақтинчалик тугатишнинг энг амалий
йўлидир".