13.09.2025 12:51
73

НАТО Россия дронларига жавобан операция бошлади

Россияга тегишли дронлар Польша ҳаво ҳудудига кириб келганидан сўнг НАТО "Шарқий қўриқчи" (Eastern Sentry) номли операцияни бошлаганини эълон қилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

НАТО бош котиби Марк Рюттенинг таъкидлашича, операциянинг асосий мақсади — Европанинг шарқий қанотини ҳимоя қилишни кучайтириш. Унинг сўзларига кўра, миссияга Дания, Франция, Буюк Британия ва Германия қўшилган. Операциянинг бошқа жиҳатлари ҳозирча ошкор этилмаган.

"Россия дронларининг иттифоқчи давлатлар ҳаво ҳудудига кириши мутлақо номақбул ҳолат. Биз бунга кўз юма олмаймиз", деган Рютте.

Франция президенти Эммануэл Макрон эса Польша ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш мақсадида Rafale қирувчи самолётларини жалб қилишга ваъда берди.

Маълумот учун, 11 сентябрь куни Польша иттифоқчилардан Россиядан келаётган таҳдидларга қарши қўшимча ҳаво мудофаа тизимлари ва дронларга қарши технологияларни сўраган. НАТО кучлари эса 10 сентябр куни Россиянинг Украинага йўналтирилган кенг кўламли ҳаво ҳужуми пайтида Польша чегарасини кесиб ўтган бир неча дронни уриб туширган эди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.