10.02.2024 11:37

Муқаддас миллий зулм

XX асрнинг биринчи ярмида моддий тангликда яшаётган араб кампир қишлоқ зиёлиларидан: “Бу қийинчиликлар қачон тугайди?” деб сўрар, улар: “Мустамлакачилик тугаб, мустақиллик келса”, дейишаркан.

Кейинчалик мустақиллик келибди, байрамлар қилинибди, одамлар хурсанд бўлиб, кўп яхшиликлар кута бошлашибди. Лекин халқ, ва албатта, бояги кампирнинг ҳаётидаги машаққатлар аввалгидек давом этаверибди. Энди у: “Қачон мустақиллик келади?” дейиш ўрнига: “Қачон мустақиллик тугайди?” дея сўрай бошлабди.


Бу ҳикоя қаҳрамони мустамлакачилик ўз ортида икки нарсани қолдирганини англамаганди. Бири халқнинг имкониятларидан каттароқ муаммолар; иккинчиси эса бу муаммоларни енгиб ўтишга етарли имконият ярата олмайдиган элита табақа эди.

МУСТАМЛАКАЧИЛИК ҒОЯСИНИНГ РИВОЖЛАНИШИ

Мустамлакачиликдан кейин келган бу элита табақа мустамлакачилик туғёнини ҳам мерос қилиб олганди. Кейин бу туғённи ошириб бориб, мустамлакачилар ҳам қилишга ботинолмаган “марраларга” эришди. Бундан ташқари, мазкур элита табақа  аввалбошдан ҳукмронлик, сиёсат ва давлат бошқарувида мустамлакачиларникидек заковатга эга эмасди. Заковат ва ақл-идроксиз фақат туғённинг ўзи ҳукмронлик қилса, натижа икки нарсадан иборат бўлади: кўпроқ зулм ва кўпроқ қашшоқлик.

Наполеон Бонапарт бошчилигидаги Франция бошқалардан олдин Миср ва Шомни босиб олиш билан замонавий Европа мустамлакачилик тўлқинини бошлаб берди. Ва бу тўлқин йигирманчи аср ўрталарида Фаластин заминида Исроилни қуриш билан тожлантирилди. Шундан бери мазкур минтақа халқлари уч жабҳада кураш олиб боряпти: мустамлакачиликдан озодлик, зулмдан халос бўлиш, эксплуатациядан қутулиш; яъни мустақиллик, эркинлик ва ижтимоий адолат.

Эришилган ягона ютуқ Европа мустамлакачилигининг барҳам топиши бўлди. Лекин унинг ўрнини Америка-Европа гегемонлиги эгаллади. Босқинчи кучлар чиқиб кетди. Босқинчиларнинг бевосита ёки билвосита ҳукмронлиги тўхтади. Аммо ғарбнинг объектив устунлиги ёки мустақилликка эришган янги давлатлар Ғарбнинг озиқ-овқатдан тортиб, қурол-яроғгача бўлган ёрдамига муҳтожлиги сабаб ҳукмронлик ва назорат қилиш тўхтамади. Бу ҳол Ғарб ўрнини эгаллаган баъзи элита табақа “ғарб билан муроса қилиш” ёки “у билан ҳамкорлик”ка мойил бўлгани сабабли давом этди, дейиш ҳам мумкин. Бу қоидадан четга чиққанларнинг олдин ҳаракатлари, кейин ўзи синдирилади, сўнг ғарб гегемонлигига мослашиш ёки бўйсунишни қабул қиладиган киши ҳукмрон бўлади.

Америка–Европа гегемонияси мустамлакачилик ғоясини тўғридан-тўғри босиб олмай, ҳатто халқларнинг ғурурига тегмасдан ёки улар эндигина эришган мустақилликка тил теккизмасдан ривожлантиришни уддалади. Минтақадаги давлатларини жисмоний мажбурловсиз, ҳарбий, хавфсизлик, иқтисод ва ахборот алмаштириш соҳаларидаги шартномалар билан ипсиз боғлаб қўйди. Бу билан эски мустамлакачилик ўрнини муносиб равишда эгаллади.

Гегемонлик одат тусига кириб, одамларнинг ундан безовталанмай яшаши манфаатдор икки томонга ҳам қўл келди. Биринчи томон – ҳукуматлар ва компаниялар кўринишидаги Ғарб. Иккинчи томон – бошқарувчилар ва улар атрофидаги эксплуататорлар, ташқи гегемон куч билан ички эксплуататор куч ўртасидаги манфаатлар алмашувидан иқтисодий, сиёсий манфаат кўрадиган тоифалар.

ХАЛҚНИ АҲАМИЯТСИЗЛАШТИРИШ

Ташқи гегемон кучлар ва ички эксплуататор кучлар 1952 йил 23 июлдаги инқилобдан кейин ҳамда Миср билан босқинчи Англия ўртасидаги 1954 йил 19 октябрда эришилган (ингилиз ҳарбийларини) эвакуация қилиш тўғрисидаги келишувдан сўнг охирги инглиз аскари 1956 йил 13 июнда жўнаб кетганидан кейин Мисрнинг биринчи конституциясига эътибор қаратди. Ушбу конституция 1956 йил 16 январда, уч йил давом этган ўтиш давридан сўнг эълон қилинди ва 1956 йил 23 июнда халқ референдумидан ўтказилди.

Конституциянинг муқаддимасида шундай дейилган: “Биз – Миср халқи ўз эркинлигимиз ва яшаш ҳуқуқимизни ташқи босқинчилар назоратига, ички эксплуатация ҳукмронлигига қарши узлуксиз курашиш билан тортиб олдик.

Биз 1952 йил 23 июл инқилобида, тарих давомида олиб борган курашини буюк ғалаба билан тожлантирган ва ўша куннинг эртасигаёқ тақдирини ўз қўлига олган халқмиз.

Биз, ўз ўтмишидан ўгит, бугунидан қатъият олган ва қўрқувдан, муҳтожликдан, хўрликдан холи келажак йўлини белгилаган Миср халқи самарали ҳаракат билан фаровон жамият қуряпмиз. Унинг соясида эса мустамлакачилар ва уларнинг малайларини йўқотиш, феодализмга барҳам бериш, ҳокимият устидан монополия ҳамда капитализм назоратини йўқ қилиш, кучли миллий армия тузиш, ижтимоий адолат ўрнатиш, мустаҳкам демократик ҳаётни барпо этиш амалга ошади.

Биз – Миср халқи ҳар бир инсон бугун ва эртанги кунда эркин яшаш, эътиқод қилиш, фикр юритиш ҳуқуқига эга деб ишонамиз. Унинг бу ҳуқуқлари устидан ақл ва виждондан бошқа ҳокимият йўқ.

Биз – азизлик, адолат ва тенгликни эркинлик ва тинчликнинг асл илдизлари сифатида улуғлайдиган Миср халқимиз”.

Мисрликларнинг мустамлакадан етмиш йил ёки ундан ҳам олдинроқ қўйган талабларини ифодалаган ушбу ёзувлар мустақилликка эришганидан етмиш йил ўтганидан кейин ҳам бу халқнинг истакларини очиқлаш учун яроқлидир. Фарқи шундаки, олдинги пайтда мисрликларнинг мустамлакачилик, зулм эксплуатацияни танқид қилиш имконияти истиқлол давридагидан кўра кўпроқ ва кучлироқ эди. Мустамлакачилар ўрнини миллий ҳокимият эгаллагач эса, фуқароларнинг имкониятлари, ҳуқуқлари ва ҳаракатлари кўлами анча қисқарди.

Агар бу матнлар милодий 2056 йилда ёзилажак янги Конституциянинг муқаддимасида қайтадан берилса, 1956 йилги биринчи Конституциядан 100 йил ўтиб ҳам халқнинг орзу-умидларини ифодалай олади. Чунки бу халқ етмиш йил ўтиб ҳам ҳақиқий озодликка чиқмаган, қўрқувдан, муҳтожликдан ва хорликдан қутулмаган; азоб-уқубатлари мустақиллик даврида ҳам турли кўринишларда, миллийлик баҳоналари остида давом этган халқдир. Шунчаки, бир бошқарувчининг ўрнига бошқаси келди ва эксплуатация шакллари ўз моҳиятини сақлаган ҳолда ривожланди.

ДАВЛАТ ТУЗОҒИ

Эркинликлар, ҳуқуқлар ва бурчлар руҳига йўғрилган конституциялар билан мавжуд аччиқ воқелик ўртасида бўшлиқ  ҳали ҳам бор ва кенгайиб бормоқда. Ҳозир мавжуд бўлгани олдингисидан ёмон, келажакдаги эса иккаласидан ҳам ёмонроқ.

Аксига қараб силжиш ёки ортга тисарилиш қонуни эркинликлар, ҳуқуқлар ва бурчларнинг мустаҳкамланишдан тўсиб қўйган. Вақт ўтиши билан ҳолатлар олдинга юриш ўрнига орқага қараб кетяпти. Шундай қилиб, ҳар бир янги босқич аввалгисидан ҳам ёмонлашяпти.

1919 йилдаги инқилобдан кейинги биринчи конституциядан, 23 июл инқилобидан кейинги биринчи конституциягача, ундан кейин 1952 йилдаги сўнгги конституциядан 2014 йилдаги сўнгги конституцияга ва ундан сўнг 2019 йилдаги ўзгартиришларга қадар бўлган ушбу юз йиллик конституциявий даврда (1923–2023) мисрликлар ер юзидаги энг зўр конституцияларнинг ютуқларини ўзида жамлаган энг намунали конституцияга эга бўлдилар. Аммо бу конституциявий ривожланиш воқеликда, мисрликларнинг реал ҳаётида акс этмади. Яъни Саад Зағлул ўз ҳукуматининг 1942 йил январидаги биринчи нутқида айтганидек, ҳокимият ва халқ ўртасидаги муносабатларда одамлар ҳукмдорларга аскар қўмондонига эмас, ўлжа овчисига қарагандек қарашяпти.

Ватандош назарида давлат ҳамон бамисоли пистирма, қопқон, тузоқ, қамоқхона бўлиб, унга тушиб қолмасликка ҳаракат қилади. Унинг учун давлат шубҳа, қўрқув ва ишончсизлик манбаи.

1923 йилдан 2023 йилгача бўлган конституциявий юз йилдан 30 йили мустамлакичилик ва подшоҳ Муҳаммад Али Пошо ва унинг сулоласи даври, кейинги 70 йили эса мустақиллик ва республика тузумидаги президентлар даври эди.

Икки даврнинг фарқи қуйидагича: биринчи даврда 1919 йил инқилобининг баракаси билан халқ фаол ва кўтаринки руҳда эди; иккинчи даврга келсак, 23 июл инқилоби ўз ҳарбий характери билан халқни четга суриб қўйди.

Халқнинг сайловчи сифатидаги мавжудлиги биринчи даврда давом этди. Чунки у парламентар демократияга, партиялар ўртасида даврий сайловларга асосланган эди.

Халқнинг бундай сиёсий куч сифатида мавжудлиги иккинчи даврда қисқарди, ҳатто йўқолиб кетди. Чунки бу давр бир нечта номзодлар ўртасидаги рақобат йўли билан эмас, фақат битта номзод референдум йўли билан сайланадиган президентлик тизимига асосланган эди.

Бу ягона номзод – президентлик лавозимидан келиб чиқиб – парламент аъзоларини тайинлайди, кейин парламент аъзолари уни номзод қилиб кўрсатишади. Бу ерда жамоатчилик иштироки ўзининг энг юзаки ва аҳмоқона кўринишлари билан бемаъниликни англатувчи сайлов шаклини бажариб беришдан бошқасига ярамайди.

Кейин бир номзодлик тизими шундай тизимга айландики, унда номзод ўзи билан бир қаторда бир нечта юзаки, шаклий номзодларни танлайди. Улар мустақил, ўзини номзод қилиб кўрсатмайди, балки уларни ушбу ягона номзод танлаб, тайинлайди ҳамда уларга айтадиган гаплари, қиладиган ишларини белгилаб беради. Ким бу чегарадан четга чиқса, жазоланади.

Икки давр ўртасидаги фарқнинг қисқача мазмуни: биринчи давр, яъни 1923–1953 йилларда фуқаронинг ўзини бошқарадиганларни танлаш ҳуқуқидан фойдаланиш кучи ошган эди; иккинчи давр, яъни 1953–2023 йиллар ҳукмдорларнинг ўзлари яратган муассасаларга ўз хоҳишларини билдириш орқали ўзларини танлаш қобилияти ошди. Бу муассасалар сайловчилардан озчилик қатнашадими ёки кўпчиликми, қолган ишларни ўзлари тўғирлашга масъул бўлади. Иштирок кучли ёки кучсиз бўлишининг фарқи йўқ, ҳар икки ҳолатда ҳам сайлов натижалари маълум, аввалдан белгилаб қўйилган.

МИСРНИНГ ЭНГ ТАҲЛИКАЛИ САНАЛАРИ

1952 йил 10 декабрда Озод зобитлар 1923 йилги Конституциянинг қулаганини эълон қилишди, у мисрликлар демократия ўйинларини ўйнай олган ягона конституция эди. Генерал-майор Муҳаммад Нажиб шундай деди: “Халқ ўз мақсадларига эриша олиши учун янги конституция тузишдан бошқа чора йўқ. Ва у ҳақиқий ҳокимият манбаи бўлиши керак."

Фахрий сиёсатчи, зобитлар қўмондонлиги остида бош вазир бўлишни қабул қилган, фойдаланиб бўлингач, улоқтириган Али Моҳир Пошо, шундай деганди: “1923 йилги конституция ХIХ аср демократиясини ифодалайди. Бу ҳоли билан янги асрда қолишга ортиқ ярамайди”.

Мустамлакачиликдан кейинги миллий бошқарув мустамлакачиликдан афзал эмаслигини тушунмаган ўша кампир каби, генерал-майор Муҳаммад Нажиб ҳам халқ ҳокимият асоси бўлмаслигини ҳам, ҳамма ваколат ва ҳокимият биринчи ва охирги манбаи  президент бўлишини ҳам тасаввур қилмасди.

Худди шунингдек, Али Моҳир Пошо 1923 йилги конституциянинг муқобили ўн тўққизинчи аср демократиясидан ҳам ривожланган демократия эмас, балки ХХ аср диктатураси бўлишини англамаган эди.

Қусурли парламент демократиясидан ғоят қудратли президент диктатурасига ўтишни оқлаш, бу янгича президентлик зулмини либослари остига олиши учун муқаддас ватанпарварлик ҳиссига мурожаат қилиш, унинг устини халқ қонунчилиги  билан хаспўшлаш лозим эди.

1956 йилда Миср энг таҳликали саналарга гувоҳ бўлди:

1. 13 июнь. Британия кучларининг эвакуация қилиниши;

2. 23 июнь. Республика президенти Жамол Абдунносирнинг 99,9 фоиз овоз билан президент бўлиб сайланиши учун  референдум ўтказилиши.

3. 26 июнь. Сувайш каналининг миллийлаштирилиши.

4. 26 октябрь Мисрга қарши учлик – Исроил, Британия, Франция ҳужуми.

Бу тўрт сана оралиғида эса қўшнирноқ ичидаги муқаддас миллий зулм туғилиши учун тарихий вақт белгиланди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.