Мисрнинг ҳам ўз “Седная”си борми?
Суриядаги даҳшатли Седная қамоқхонаси Миср қамоқхоналари воқелигини, панжара ортида унутилганларнинг тақдирини, Мисрнинг амалдаги президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ҳукмронлиги даврида қийноққа солинган ва ўлдирилган қурбонларнинг аҳволини ёритиб берди.
2013 йил июлдаги давлат тўнтаришидан бери ас-Сисининг сиёсий мухолифлари, жумладан, болалар, аёллар, беморлар ва кексалар қамоққа олингани сабабли минглаб мисрлик оилалар Седная фожиасининг такрорланишидан хавотирда. Зеро улар инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан адолат ва ҳалолликнинг халқаро стандартларига жавоб бермайди деб баҳоланган суд жараёнлари ортидан қамалган эдилар.
"Биз Сурияга ўхшаб қолишни истамаймиз", деди мисрлик инсон ҳуқуқлари ташаббускорларидан бири. Бу қамоққа олинганларнинг оилаларини қийнаётган қўрқувларни ифодалайди ва айни пайтда қуйидаги саволларни келтириб чиқаради: Мисрда ер ости қамоқхоналари борми? Мажбуран йўқ қилинган қурбонлар қаерда? Қанчаси қийноққа солинган ёки тиббий эътиборсизликка дучор бўлган? Нега Миср ўз қамоқхоналарини халқаро текширувлар учун очмайди? Мисрда ўзининг Седная қамоқхонаси борми? Миср қамоқхоналари инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларга риоя қиладими?
Тириклар қабристонлари
Лондонда жойлашган Human Rights Egypt нодавлат ташкилоти "Миср Седнаяси... тириклар қабристонлари" сарлавҳаси остида мамлакатнинг Бадр, Ал-Абадия, Ал-Азоули, Бурж Ал-Араб, Абу Заабал, Вади Ал-Натрун, Ассиут ва Янги водий каби машҳур қамоқхоналари харитасини чизди. У Қоҳира ҳукуматини Мисрдаги сиёсий маҳбуслар қамоқхоналарини бўшатишга ва ушбу қамоқхоналарда режим мухолифларига нисбатан содир этилаётган ҳуқуқбузарликларни тўхтатишга чақирди.
Миср бўйлаб 78 та асосий қамоқхона мавжуд, бундан ташқари, Миллий хавфсизлик агентлигига (собиқ Давлат хавфсизлиги - ички разведка агентлиги) тегишли юзлаб ҳибсхоналар ва махфий камералар бор. Ушбу камералар полиция бўлимлари ичида ёки Миср вилоятларидаги агентликнинг штаб-квартираси ичида жойлашган бўлиши мумкин.