18.12.2024 17:45

Мисрни ҳам Сурия тақдири кутяптими?

Ўтган ҳафта Сурия президенти Башар Асад режимининг қулаши Мисрда турли хил муносабатларга сабаб бўлди. Миср халқи бу воқеани қувонч ва умид билан кутиб олган бўлса-да, ҳукмрон доиралар очиқчасига хавотир ва қўрқув ичида. Бу қарама-қаршилик ўз ҳокимиятини узайтиришга уринаётган президент Абдулфаттоҳ ас-Сисининг кетиши истагида бўлган Миср халқининг интилишларини акс эттиради.

Сўнгги ўн йил ичида Сисининг ўн минглаб мухолифлари Суриянинг машҳур Седная қамоқхонасига ўхшатган қамоқхоналарда ётибди. Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳисоботларда тиббий эътиборсизлик ва қийноқлар туфайли қамоқда юзлаб ўлим ҳолатлари қайд этилган.

Қоҳиранинг Суриядаги воқеаларга муносабати эҳтиёткорона ва хавотирли бўлиб, Суриянинг бўлиниши ва терроризм тарқалиши борасида ўз хавотирини билдирди. Шунингдек, Сиси режими сурияликларнинг Асад қамоқхоналарида чеккан қийноқлари ҳақидаги маълумотларига шубҳа билдирди.

Миср ҳокимиятига яқин бўлган журналист ва парламент аъзоси Мостафа Бакри Сада Эл-Балад хусусий сунъий йўлдош каналида эфирга узатилган "Фактлар ва сирлар" телекўрсатувида "Агар Дамашқ қуласа, Қоҳира тақдир жангига тайёрланиши керак," деб огоҳлантирди. У "Седная қамоқхонаси ҳикояси: ҳақиқат ёки уйдирма" сарлавҳали мақоласида Асаднинг қулашидан афсусланганини ва содир этилган жиноятларга шубҳа билдирганини айтди.

Худди шундай, Амр Адиб MBC Egypt телеканалида эфирга узатилган "Ҳикоя" кўрсатувида Суриянинг келажаги бўлиниш ёки давлат тузилмаларининг тўлиқ қулашига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Миср хавфсизлик идоралари билан алоқаси бўлган яна бир оммавий ахборот воситаси вакили Аҳмад Мусса Мисрдаги сурияликларни, агар улар Асаднинг қулаганини нишонласа, мамлакатдан чиқариб юбориш билан таҳдид қилиб, Сада Эл-Баладда Сурия фуқаролар уруши остонасида турганини таъкидлади.

Сурия сценарийси ҳақидаги огоҳлантиришлардан ташқари, Миср телеканаллари Асаднинг қулаши байрамларини ёритишдан қочди. Улар Миср билан яқин алоқада бўлган араб давлатида ҳеч қандай муҳим воқеа содир бўлмагандек, кўнгилочар ва спорт дастурларини эфирга узатишда давом этди.

Жойларда хавфсизлик чоралари кучайтирилди, ҳокимият сурияликларнинг байрам қилишига тўсқинлик қилди. Шахсий ҳуқуқлар учун Миср ташаббуси нодавлат ташкилоти маълумотларига кўра, мамлакатдаги 1,5 миллион сурияликларнинг катта қисми яшаб, асосан савдо ва саноат соҳасида меҳнат қиладиган пойтахт ғарбидаги 6 Октябр шаҳрида 30 нафар суриялик ҳибсга олинган. 

Сиёсий жиҳатдан Миср Ташқи ишлар вазирлиги Суриядаги вазиятдан хавотир билдирган баёнот чиқарди. Миср Суриянинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади ва барча Сурия томонларини мамлакат манфаатларига устувор аҳамият беришга чақирди. Ташқи ишлар вазири Бадр Абдел Ати яқинда собиқ режим ташқи ишлар вазири Бассам Саббағ билан телефон орқали мулоқот чоғида Сурия давлати, унинг суверенитети ва ҳудудларининг бирлиги ва яхлитлигини қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлаганди. Телефон орқали мулосот Сурия армиясининг қулаши ва Форс кўрфази иттифоқчилари билан Асадни қутқариш учун қўшма ёрдамни мувофиқлаштириш ва тезлаштириш имкониятини йўқотишдан бир неча кун олдин амалга оширилган эди.

2013 йилги давлат тўнтаришидан бери Миср режими ўзининг авторитар бошқарувини оқлаш мақсадида "Сурия ёки Ироққа ўхшамаслигимиз учун" иборасида мужассамланган қўрқитиш усулидан фойдаланиб келмоқда. Ушбу қўрқитиш усули амалдаги президентнинг сайлов ва оммавий ахборот воситаларида мисрликларни Сурия сценарийси билан қўрқитиш ва уларни "хавфсизлик эвазига авторитаризмни" қабул қилишга ундаш учун кўп ишлатилган.

Эндиликда, кўриниб турибдики, бу тарғибот барбод бўлди ва мазкур қўрқитиш усули Ал-Сиси режимига қарши ишлаяпти. Режим 2011 йил 25 январда марҳум президент Ҳусни Муборак ҳукмронлигини ағдарган инқилобчилар орасида умиднинг қайта тикланишидан қўрқмоқда. Сурияда содир бўлаётган воқеалар Қоҳирада бундай тажриба муваффақиятли бўлиши ва келажакда қўшни мамлакатларда тақлид қилиниши мумкин бўлган моделга айланиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни акс эттиради.

Хорижда яшовчи мисрлик мухолифат вакили Гамал Султон Facebook'да шундай ёзди: "Ҳозир Мисрдаги ҳукмрон режимнинг энг катта қўрқувларидан бири Сурия инқилобининг муваффақияти уларнинг 'Миср - бу армия, агар армия қуласа, давлат йўқ бўлади' деган такрорий даъвосини пучга чиқаришидир. Сурияда армия тарқаб кетди, лекин давлат омон қолди. Халқнинг турмуш шароити яхшиланди, ҳаёт изга тушди, муассасалар яна нормал ишлай бошлади. Сурия инқилоби давлатнинг пойдевори армия эмас, халқ эканлигини исботлади".

Миср президенти ўтган якшанба куни армия ва полиция раҳбарлари билан учрашувда яна бир бор огоҳлантирди: "Сурияда қарор қабул қилувчилар мамлакат халқидир, улар уни ё вайрон қилиши, ё қайта қуриши мумкин".

2016 йилда Ал-Сиси Сурия армиясини қўллаб-қувватлашини эълон қилиб, бу Мисрнинг устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлаганди. Шунингдек, у 2023 йил май ойида Асаднинг халқаро изоляциясини бекор қилиш ва Суриянинг Араб лигасига аъзолигини тиклаш бўйича минтақавий саъй-ҳаракатларга бошчилик қилди.

Шу нуқтаи назардан, Суриядаги воқеалар Миср президенти учун хавотирли ва қўрқинчли бўлиб қолмоқда, чунки у Асад режимининг бундай тез қулашини кутмаган эди. Ахир, у ўтган ойда Ар-Риёдда бўлиб ўтган араб-ислом саммитида раҳбарларнинг гуруҳ суратида Асаднинг ёнида турган эди.

Миср позициясида хавфсизлик масалалари устунлик қилгани сабабли кўчаларда оммавий ҳаракатларни қўзғатиши мумкин бўлган инқилобий тўлқинларнинг пайдо бўлиши хавфи кучаймоқда. Бу ҳаракатлар 2011 йил январь инқилобининг рамзий белгиси бўлган Таҳрир майдонига қайтишга муваффақ бўлиши мумкин, айниқса, инқилобнинг 14 йиллиги яқинлашиб келаётган бир пайтда.

Сиёсий таҳлилчи Муҳаммад ал-Сайид Мисрнинг Сурия инқилоби муваффақиятидан хавотирланиши исломчиларга қарши курашаётган аксилинқилобий давлатларнинг позициясини акс эттиради, деб тушунтирди. Унинг таъкидлашича, бу хавотирнинг бир қисми Суриядаги Седная қамоқхонаси ва Қоҳирадан шарқда жойлашган, "Миср Седнаяси" деб ном олган Бадр қамоқхонаси ўртасидаги ўхшашликлардан келиб чиқади. Шунингдек, Башар Асад каби шахс бошқарган армиянинг қулаши Мисрда ҳам содир бўлиши мумкинлигидан хавотир бор. Миср армияси халқ ғазаби остида ёки шунчаки Ал-Сисини қурбон қилиш учун қулаши мумкинлигидан ҳам қўрқилмоқда.

Сурия инқилоби мисрликларни илҳомлантириши мумкинлигидан қўрқиш билан бир қаторда, Сурияда Туркиянинг таъсири кучайиши, Сурия армиясининг қулаши ва у ердаги вазият устидан исломий гуруҳларнинг назорати билан вазият янада мураккаблашмоқда. Бу воқеалар Миср миллий манфаатларига хизмат қилмайди ва Ал-Сиси режимига катта босим ўтказади.

Исроил штаб бошлиғи ва унинг Шин Бет ички хавфсизлик хизмати раҳбари ўтган ҳафта Қоҳирага келиб, Миср расмийлари билан Асаднинг ағдарилиши оқибатлари ва олдини олиш чораларини муҳокама қилди. Исроилнинг "Маарив" газетасига кўра, бу бошқа мамлакатларда, шу жумладан Мисрда ҳам қўзғолоннинг янгиланишидан хавотирлар фонида содир бўлди.

Айни пайтда, Асад ағдарилганидан кейин Миср мухолифати учун ижобий сигналлар пайдо бўлди. Булар Сурия тажрибасини такрорлаш орқали эмас, балки ундан мухолифат сафларини қайта ташкил этиш ва миллий нажот учун йўл харитасини келишиб олишни ўрганиш орқали амалий ҳаракатларга айланиши мумкин.

Мисрнинг таниқли мухолифат вакилларидан бирининг исмини ошкор қилмаслик шарти билан айтишича, Сурия инқилобининг муваффақияти минтақадаги, айниқса, Мисрдаги кўп йиллик умидсизликдан кейин ўзгариш тарафдорлари орасида умидни тиклади. Қоҳирадаги режимга ўзини ва Мисрни худди шундай қисматдан қутқариш учун шошилинч равишда йирик ислоҳотларни амалга оширишга чақириқлар кучаймоқда.

Миср мухолифлари Асаднинг қулаши мамлакатда ҳақиқий тараққиётга олиб келади ва Мисрга Сурия сценарийсидан қочишга ёрдам беради, деб умид қилмоқда. Бу армияни Миср халқи билан юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай қарама-қаршиликдан асрайди ва кенг қамровли миллий ярашувга қулай шароит яратади.

Социалистик Халқ Иттифоқи партияси бу борада "йўл харитаси"ни таклиф этди. У эркинликларни тиклаш, сиёсий диний маҳбусларни озод қилиш, сиёсий партия ва касаба уюшмаларига қўйилган чекловларни бекор қилиш, оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, хавфсизлик хизматлари назоратидан холи бўлган, халқ иродасини ифодаловчи ҳукумат ва парламентни шакллантиришдан бошланади. Шунингдек, у президентнинг ваколат муддати ва ваколатларини чеклашни таъминлаш учун 2014 йилги Конституцияга қайтишни талаб қилмоқда.

Маҳаллий ривожланиш вазирининг собиқ маслаҳатчиси Миср режими Сурия тажрибасидан сабоқ олиши мумкинлигига шубҳа билдирди. Facebook'даги постида Эссам Лала шундай деди: "Миср Сурия тақдиридан қочиб қутулиши учун сайланадиган ва ҳисобот берадиган муассасаларни ташкил этиши, камситиш ёки тарафкашликсиз қонунларга риоя этилишини таъминлаш учун қатъий назорат ўрнатиши, ҳар қандай гуруҳ учун махсус имтиёзларни бекор қилиши ва малакали мутахассисларни сиёсий ёки хавфсизлик содиқлигига боғламасдан ишга олиши керак... Бу плюрализм ва ҳокимиятнинг тинч йўл билан ўтказилишига асосланган фуқаролик давлатини қуришни ҳам талаб қилади".

Ниҳоят, Миср режими Суриядаги янги ҳокимият билан муносабатларни яхшилашни кечиктириши мумкин, аммо ўз халқи билан ярашиш масаласида бундай иккиланиш оқилона бўлмаслиги мумкин. Минглаб бегуноҳ инсонларнинг қамоқда сақланиши, иқтисодий ва турмуш шароитларининг ёмонлашуви, генералларнинг мамлакат бойликлари устидан назоратининг кучайиши туфайли зўрайиб бораётган, аммо ҳали ҳам яширин ғазабни юмшатиш учун ижобий қадамлар ташлаш зарур.

Маҳмуд Ҳассан, сиёсий таҳлилчи

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.