22.08.2025 06:51
63

Миср Синайга 40 минг аскар жойлаштирди. Сиси нимадан хавотирда?

Миср Шимолий Синайга қарийб 40 минг аскар жойлаштирди. Бу 1979 йилда исроил билан тузилган тинчлик шартномасида белгиланган миқдордан икки баробар кўпдир. Middle East Eye нашрига юқори лавозимли ҳарбийнинг айтишича, Миср армияси сўнгги йиллардаги энг юқори жанговар тайёргарликни ўтаяпти. Бу эса бевосита мамлакат президенти АбдулФаттоҳ Сисининг топшириғи асосида амалга оширилмоқда.

Сафарбарлик исроилнинг Ғазони босиб олиш режаси ҳамда фаластинликларнинг оммавий равишда Миср ҳудудига кўчиб ўтиши эҳтимоли ҳақидаги хавотирлар фонида амалга оширилди. Қўшинлар Шимолий Синайнинг турли ҳудудларига, жумладан, чегарага яқин “C зонаси”га ҳам жойлаштирилган.

Миср Исроилни қўшимча кучлар ҳақида хабардор қилган, бироқ бу кучларнинг сони ва уларнинг тақиқланган ҳудудларда бўлиши Тел-Авивнинг норозилигига сабаб бўлган. Манбага кўра, “Сафарбарлик мудофаа характерига эга, аммо Миср ўз ҳудудига қилинган ҳар қандай зарбага қатъий жавоб бериши белгиси ҳамдир”.

Маълумот учун, расмий Қоҳира фаластинликларнинг Миср ҳудудига кўчирилишини истамаяпти. Президент Сиси аввалроқ: “Фаластинликларнинг кўчирилиши ҳеч қачон қабул қилинмайди. Можаронинг ечими Фаластин халқини ўз юртидан чиқаришда эмас, балки уни ўз ерида сақлаб қолишда”, деган эди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.