06.08.2024 15:37

Meta Малайзия бош вазирининг ҲАМАС етакчиси ҳақидаги постларини ўчиргани учун узр сўради

Meta Platforms Малайзия бош вазири Анвар Иброҳимнинг Facebook ва Instagram аккаунтларидан ҲАМАС етакчиси Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилгани билан боғлиқ контентни ўчириб ташлагани учун узр сўради.

Ҳаниянинг ўлими муносабати билан ҳамдардлик билдирган постлар ўчирилганидан сўнг Малайзия Meta билан боғланиб, тушунтириш талаб қилди.

"Малайзия бош вазирининг Facebook ва Instagram саҳифаларидан контент ўчирилишига олиб келган операцион хатолик учун узр сўраймиз", деди матбуот котиби Reuters агентлигига электрон почта орқали хабарлар "тўғри маълумот ёрлиғи" билан тикланганини таъкидлаб.

Малайзия алоқа вазири ва бош вазир девони ходимлари душанба куни тушунтириш олиш учун Meta расмийлари билан учрашдилар.

"Бош вазир идораси Meta ҳаракатларини камситиш, адолатсизлик ва сўз эркинлигини қўпол равишда поймол қилиш сифатида баҳолайди", дейилади идора душанба куни эълон қилинган баёнотда.

4 август куни Анвар Иброҳим Куала-Лумпурда Фаластинни қўллаб-қувватлаш митингида қатнашди. Баёнотда айтилишича, жонли эфир ҳам мусиқа билан боғлиқ интеллектуал мулк ҳуқуқининг бузилиши шикояти туфайли қисқа муддатга тўхтатилган.

Офиснинг қайд этишича, ёзувларни ўчиришга уларда “хавфли шахслар ёки ташкилотлар” ҳақидаги элементларнинг мавжудлиги сабаб бўлган.

Аввалроқ Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим Meta корпорациясини Facebook ва Instagram саҳифаларидан Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳаниянинг ўлимига бағишланган постларини ўчириб ташлагач, уни қоралаган эди.

Эслатиб ўтамиз, Туркияда ҳам Ҳания ўлими билан боғлиқ постлар ҳеч қандай асосларсиз ўчирилгани сабабли Instagram платформаси бир неча кундан буён блокланган. Куни кеча икки томон ўртасида 6 соат давом этган музокараларда кутилган натижаларга эришилмади. 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.