13.01.2025 08:00
Лос-Анжелесдаги ёнғинлар Ғазо учун интиқомми?
Ўтган ҳафта мобайнида АҚШнинг энг йирик шаҳарларидан бирида фавқулодда мудҳиш ҳолат - кенг қамровли ёнғин юз берди ва у ҳали ҳам тўхтагани йўқ. Ёнғин том маънода шаҳарнинг катта қисмининг кулини кўкка совурди. Айни пайтда ёнғиндан кўрилган зарарни мутахассислар 150 миллиард АҚШ долларига баҳолашмоқда. Бу воқеага нисбатан турли талқинларда муносабатлар билдирилмоқда. Бироқ бунинг чинакам айбдорлари, бундай кулфатларга бевосита сабабчилар эътибордан четда қолиб кетяпти. Кўпчилик Лос-Анжелесдаги ёнғинларни Ғазо фожиасига боғласа, бошқалар АҚШдаги фалокатнинг ўзига хослигини, ҳукумат буни тез орада бартараф этиши ва уни Фаластиндаги каби ҳолатлар билан таққосламаслик кераклигини уқтирмоқда. Аммо асл вазият қандай? Умуман, бундай кулфатларга аслида ким айбдор?
АҚШ қуролли кучлари дунёдаги энг катта институционал вайронкор куч ҳисобланади. Дунёни қўя турайлик, мамлакат ичкариси бўйлаб кўплаб шаҳарлар маҳаллий ва федерал даражада милитаризм ва полицияга устуворлик берилиши натижасида ҳар йили юзлаб қурбонлар берилади. Ҳарбийлар томонидан уюштирилган тўхтовсиз урушлар иқлим инқирозини янада чуқурлаштирди ва энди унинг ҳалокатли оқибатлари турли фожиалар, Лос-Анжелесда гувоҳ бўлингани каби фалокатлар кўринишида зоҳир бўлмоқда.
Ўнлаб йиллар давомида ҳарбий-саноат комплекси нефть соҳаси устидан ҳукмронлик қилиш учун Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақасидаги экотизимлар, шаҳарлар ва халқларни вайрон қилиб келмоқда. 15 ой давомида Ғазога қарши олиб борилган АҚШ-Исроил бомбардимони атмосферага жуда кўп миқдорда қазилма ёқилғиси ва чангларни чиқариш баробарида тупроқ ва сувни ҳам заҳарламоқда. Яқинда Исроил "зилзила бомбаси"ни портлатди, баъзи маълумотларга кўра, у ядровий бўлиши мумкин. Ғазодаги геноцид экотизимни буткул вайрон қилди ва келажакда ҳар қандай қайта қуриш, қишлоқ хўжалигини тиклаш ҳаракатлари самарасини кескин тушириши мумкин. Украинадаги уруш эса Нордстреам қувурининг портлашига олиб келди. Хитой билан маъносиз рақобат учун кенгайтирилган дунё бўйлаб жойлашган ҳарбий базалар тупроқни заҳарли ПФАС кимёвий моддалари билан ифлослантирмоқда. Биохилма-хиллик глобал миқёсда хавф остида қолмоқда.
Ҳақиқат шуки, ўрмон ёнғинлари Калифорния экотизимининг табиий қисмидир. Улар ҳаёт учун ғоятда зарур ҳисобланади. Аслида, табиий ёнғин бўладиган ҳудудларда узоқ вақтдан бери олиб борилган қурилишлар, Малибудаги миллиардерлар уйларини сақлаш учун бу табиий жараёнларни тўхтатиш ва уларни бартараф этиш мазкур вазиятни янада ёмонлаштирди. Мувозанатли экотизимга бундай эътиборсизлик тарихан ва доимий равишда Лос-Анжелесда олдини олиш мумкин бўлган ёнғинларга мойил ўрта ва ишчи синфлар яшайдиган ҳудудлар ҳисобига амалга оширилган. Лос-Анжелесга бўлган таҳдид уруш иқтисодиётининг иқлим инқирози туфайли юзага келган ҳаддан ташқари қуруқ ҳаво ва деярли соатига 160 километр тезликдаги шамоллар билан янада кучаймоқда.
Табиий муҳитга бўлган бундай маҳаллий эътиборсизлик яҳудий миллий жамғармасининг Фаластинда, кўп ҳолларда бузиб ташланган Фаластин қишлоқлари ўрнига, муҳим биологик хилма-хиллик эвазига маҳаллий бўлмаган қарағай дарахтларини экишига ўхшаган сабаблардан келиб чиқади. Иккала ҳолатда ҳам ҳокимиятдагиларнинг манфаатларига устунлик берадиган уруш иқтисодиёти туб аҳоли ва унинг ҳаётига нисбатан бефарқликдан юзага келади. Ҳар икки ҳолатда ҳам натижалар ҳалокатли. Ўнлаб йиллар давомида импералистик экоцид урушини бошдан кечирган сайёрамизда аксарияти суверен туб аҳолига тегишли ерларда жойлашган биохилма-хиллик кескин вайрон бўлди.
Иқлимни қурбон қилувчи бу милитаризм фақат халқаро майдондагина эмас. АҚШнинг Атланта шаҳрида таклиф қилинган "Cоp City" полиция ўқув маркази ўрмонида, яъни муқаддас маҳаллий ерда, шунингдек, шаҳарнинг "ўпкаси" деб таърифланган жойда қурилиши режалаштирилган. Ўрмон нафақат ҳавонинг сифатини таъминлайди, балки сув тошқинига қарши ҳимоя вазифасини ҳам ўтайди. Яқинда Аппалачия ва Атлантада кучли сув тошқинлари рўй берди. Полиция шаҳарчаси ўрмонининг йўқ қилиниши билан вазият янада ёмонлашди. Ушбу ҳарбий ўқув марказлари ва Исроил оккупацион кучлари билан алмашинув дастурларига устуворлик берганлар бу ишларни шаҳар ҳисобидан амалга оширмоқда. Лос-Анжелес шаҳри мэри Карен Басс яқинда полицияга қўшимча 123 миллион доллар ажратишни ва ўт ўчириш бўлими бюджетини 23 миллион долларга қисқартиришни таклиф қилди. Айни пайтда эса шаҳардаги вазият буткул назоратдан чиққан ва олов ичида қолмоқда. Бундай ҳолатда ўт ўчириш бўлимининг қўлидан келадиган ягона иш фақат аҳолини қутқаришга ҳаракат қилиш бўлиши мумкин.
Бу барча ҳолатларнинг олдини олиш мумкин эди. Шунчаки, АҚШнинг ҳокимият вакиллари дунё бўйлаб экологик қирғинни давом эттирсак, бу бизга қайтмайди, деган тафаккур билан иш юритишмоқда. Аслида Ғазодаги ёнғинлар Лос-Анжелесдаги ёнғинлар билан бир хил. Улар айни бир хил ташкилотлар томонидан келтириб чиқарилди ва уларни ўхшаш чоралар билан бартараф этиш мумкин. Биринчиси қасддан қилинган бўлса, иккинчиси унинг оқибатидир. Иккаласи ҳам вайронкор, юракни эзадиган, даҳшатли, мудҳиш ва ғазабни қўзғатувчидир.
Иқлим ташкилотлари Лос-Анжелесдаги ёнғинлар нимани англатиши ҳақида фаол огоҳлантирмоқда. Хабарларга кўра, янги қабул қилинган қарийб 1 триллион долларлик ҳарбий бюджетдан ортиб қолган федерал маблағларнинг бир қисмини Лос-Анжелес аҳолисига ёрдам бериш учун ажратиш кўзда тутилибди. Аммо бу баёнотларни эълон қилаётган айнан ўша ташкилотлар ва фавқулодда ёрдам учун маблағ ажратаётган айнан ўша сиёсатчилар ёнғинни янада кучайтирмоқда. Чунки уларга инсон ҳаёти заррача аҳамият касб этмайди. Моддий манфаат ва очкўзликни устувор мақсад ўлароқ кўрадиган бу кимсалар Ғазо ва унинг баробарида ўзларини ҳам чуқур жарликка улоқтираётганларини англаб етганларича йўқ