19.03.2025 04:06
137

Лондон: Ғазодаги қон тўкилиши шунчаки даҳшатли

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лемми Исроилнинг Ғазога кечаси уюштирган ҳужумлари оқибатида тинч аҳоли орасида қурбонлар сони ортиб бораётганини даҳшатли деб атади.


У ўзининг ижтимоий тармоқдаги Х саҳифасида: “Исроилнинг кечаси уюштирган ҳужумлари натижасида тинч аҳоли орасида қурбонларнинг ортиб бориши шунчаки даҳшатли”, дея пост қолдирган.


Лемми томонларни маҳбуслар алмашинуви бўйича музокараларни қайта бошлашга, Ғазога гуманитар ёрдам ҳажмини оширишга ва можарони бутунлай тўхтатишга чақирди.


“Исроилликлар ва фаластинликлар учун хавфсизликка элтувчи йўл – бу дипломатия, янги қон тўкилиш эмас,” дея таъкидлади у. 17 март куни парламентдаги чиқиши чоғида Лемми Исроил 15 кундан бери Ғазога гуманитар ёрдам етказилишига тўсқинлик қилаётганини маълум қилди.


“Бу халқаро ҳуқуқнинг бузилиши,” деди вазир. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроил ҳужумлари натижасида фақатгина тонгда 404 киши шаҳид бўлган.


Эслатиб ўтамиз, Исроил армияси икки томонлама келишилган сулҳни бузган ҳолда Ғазодаги аҳоли яшаш ҳудудларини, қочқинлар учун барпо этилган чодирлар лагерларини, кўчирилган фаластинликлар паноҳ топган мактабларни ва турар-жой биноларини шиддатли бомбардимон қилди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.