Ўтган ҳафта Исроилнинг Ливанга қарши уюштирган қатор шафқатсиз ҳужумлари, жумладан, алоқа қурилмаларини портлатиши ва Байрутнинг Даҳия тумани чеккасига ҳаводан берган зарбалари “Ҳизбуллоҳ”га оғир талафот етказди.

Ҳужумлар оқибатида кўп сонли тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлди, бундан ташқари ўнлаб шиа ҳаракати жангчилари, “Радван” элита бўлинмасининг юқори даражали қўмондонлари ҳалок бўлди.

Душанба куни Исроил ўз ҳужумларини кучайтирди ва Ливаннинг жанубий қисми ҳамда Бекаа водийсини кучли бомбардимон қилиб, бир неча соат ичида мингдан ортиқ маҳаллий аҳолини ўлдирди ва ярадор қилди.

Сионистларнинг “Ҳизбуллоҳ” алоқа тармоғига кириб, юқори мавқедаги аъзоларини йўқ қила олиш қобилияти қаршилик кучларининг жанг майдонида самарали ҳаракат қила олиш салоҳиятини шубҳа остида қолдирди. Разведкадаги муваффақиятсизликлар урушнинг умумий боришига жиддий таъсир қилиши мумкин.

Бундай ҳодисалар сони май ойида шиа ҳаракатининг ҳомийси бўлган Эроннинг собиқ президенти Иброҳим Раисийнинг самолёти қулаб, шубҳали ўлим топганидан кейин анча ортди.

Халқ бирдамлиги

Муваффақиятсизликларнинг жиддийлиги ва бу қоидабузарликлар учун ҳисоб бериш заруратига қарамай, халқнинг ҳужумга муносабати ва дам олиш кунларида “Ҳизбуллоҳ”нинг тезкор ҳарбий реакциялари оддий одамлар ва қаршилик кучлари учун ҳам бардош белгиси бўлди.

Ички миқёсда Исроилнинг қонли ҳужумлари минглаб қурбонларга нисбатан жамоатчилик ҳамдардлиги, халқ бирдамлиги ва қўллаб-қувватлаш тўлқинини қўзғатди. Ҳайдовчилар ва қон топшириш бўйича кўнгилли шифокорлар қутқарув ва даволаш ишларига қўшилдилар.

Ливан ҳукумати вакиллари, “Ҳизбуллоҳ” билан кескин муносабатда бўлган “Эркин ватанпарварлар ҳаракати” ҳамда друзлар етакчиси Валид Жумблаттнинг “Тараққийпарвар социалистик партияси” каби сиёсий гуруҳлар шиа ҳаракати томонга ўтишди. Уларнинг бу қарори, гарчи рамзий бўлса-да, “Ҳизбуллоҳ”нинг анъанавий рақиблари қўзғатган шубҳа ва қўрқув тўлқинини юмшатди.

Ҳарбий фронтда шиа ҳаракати ўнлаб қисқа ва узоқ масофали ракеталари билан Хайфа шаҳрининг жанубигача бўлган бир нечта шаҳар марказларини нишонга олди. Нишонлар орасида электрон ишлаб чиқариш мажмуаси ва Исроилнинг йирик ҳарбий ҳаво базаси – Рамат Давид иншоотлари ҳам бор эди.

Энг муҳими, қаршилик кўрсатиш операцияларининг кескинлашуви босқинчиларнинг эълон қилинган мақсадларини барбод қилди.

Жумладан, Ливанга ҳужумдан кўзланган иккита асосий мақсад – шимолий фронтни Ғазодан ажратиш ва ўн минглаб кўчманчи яҳудийларни ишғол остидаги Шимолий Фаластинга қайтаришдир. Ҳозирча ушбу режаларнинг амалга ошиши сўроқ остида қолмоқда.

Янги босқич

Дам олиш кунлари “Ҳизбуллоҳ” бош котиби ўринбосари Наим Қосим уруш юқори босқичга ўтганини ва янада кўпроқ ливанликлар кўчишга мажбур бўлишини эълон қилди.

“Ҳизбуллоҳ” ракеталари ҳам Исроилда бир неча шаҳар ва қишлоқлардаги ўн минглаб аҳолини бошпана излашга мажбур қилди. Мактаблар ёпилди. Хабар қилинишича, шифохоналарга ярадорларни ер ости бункерларига юбориш бўйича кўрсатма берилган.

Тель-Авив ўз йўқотишларини оммавий ахборот воситаларида ёритишни қатъий тақиқлагани сабабли, сионистларнинг ҳарбий объектларига етказилган зарар даражаси аниқ эмас.

Бироқ бу объектларнинг “Ҳизбуллоҳ” ўқларидан тўлақонли ҳимояланмагани ва “Темир гумбази” барча ракеталарни тута олмаслигини инобатга олсак, Исроилнинг тийиб туриш қобилияти заифлашаётганини тушунса бўлади.

Чегарадан узоқроқда жойлаштирилган “Ҳизбуллоҳ”нинг узоқ масофали ракеталари ҳам босқинчиларнинг Литани дарёси жанубидаги Ливан ҳудудига қуруқликдан бостириб киришига тўсқинлик қилмоқда.

Айни пайтда шиа ҳаракатининг Фаластин, Яман ва Ироқдаги иттифоқчилари томонидан эълон қилинган бирдамлик баёнотлари ва ҳарбий ёрдами ҳам “фронтлар бирлиги” тамойилини мустаҳкамлаяпти. Бу ҳозирги қаршиликларни алоҳида-алоҳида кўриб чиқиш имконсизлигини, сионистларга қарши кенг жабҳада уруш бошланганини англатади.

“Ҳизбуллоҳ” бир неча бор исроиллик кўчманчиларни шимолий аҳоли пунктларига қайтариш учун Исроил Ғазога қарши урушини тўхтатиши лозимлигини таъкидлаган.

Хоин ҳукуматлар ва Ғарб ҳимояси

Шимолий фронтда Исроилнинг юқори даражадаги ҳужумлари Тель-Авивнинг адолатли ва оқилона ечимни бузишга интилаётганини кўрсатади. Ишғолчилар Ливанга очиқчасига ҳужум қилиши баробарида, Ғазодаги фаластинликларни шафқатсизларча бомбардимон қилишдан ҳам тўхтамаяпти.

Шарқроқда эса Исроил қуролли кучлари Ғарбий Соҳилдаги қочқинлар лагерлари, шаҳар ва қишлоқларга қарши шиддатли рейдлар ўтказмоқда. Яҳудий кўчманчи радикаллари Фаластиндаги уй-жойларни вайрон қилмоқда.

Исроилнинг ортида АҚШ ва унинг ғарбий иттифоқчилари турмаганида фашистлар бу қадар катта ҳарбий харажатларга дош беролмасди.

Қолаверса, БМТнинг самарасиз қоралашлари, Хитой ва Россия каби АҚШ рақибларининг таъсирсиз норозиликлари, араб давлатлари ва ҳукуматларининг, хусусан, Иордания ва Миср каби Фаластин билан чегарадош давлатлар ҳукуматларининг очиқчасига Исроилга кўмаклашаётгани сионистларни янада қутуртирмоқда.

Шу нуқтаи назардан қараганда, Фаластин, Ливан ва Ямандаги нодавлат ва кам ресурсга эга қаршилик кучлари қудратли давлат қўллаб-қувватлови остидаги Исроил арсеналига қарши бир йил давомида самарали қаршилик кўрсатаётгани мустамлакачиликка қарши озодлик урушлари тарихида чинакам тарихий ютуқ ҳисобланади. Қолганини эса вақт кўрсатади...

Фақат бир савол ҳамон жавобсиз қолмоқда: АҚШ империализмининг кучайишидан хавотирга тушаётган давлатлар яна қачонгача жим қараб тураркан?

Ҳишам Сафиаддин, тадқиқотчи

 

 

Мавзуга алоқадор