Исроил армияси Ливанга эҳтимолий қуруқлик ҳужуми олдидан захирадаги аскарлардан иборат икки бригадани мамлакат шимолига кўчиришга қарор қилди, дея хабар бермоқда "Anadolu" агентлиги.

Исроил армияси маълумотларига кўра, вазиятни баҳолагандан сўнг, "тезкор вазифаларни бажариш учун" Исроил шимолига захирадаги ҳарбий хизматчилардан иборат 2 бригада чақирилган.

Бундай ҳаракат "Ҳизбуллоҳ"га қарши курашни давом эттириш ва кўчирилган исроилликларни ўз уйларига қайтариш учун зарур шарт-шароитларни яратади", дея маълум қилди армия.

Эътиборлиси, мазкур қарор Исроилнинг Ливанга қуруқликдан ҳужум қилиши эҳтимоли фаол муҳокамалар марказида турган бир пайтда қабул қилинган.

Аввалроқ Исроил армиясининг Шимолий қўмондонлиги қўмондони Ори Гордин армия “Ҳизбуллоҳ” билан тўқнашувларнинг “янги босқичига кирганини” айтиб, Ливанга қуруқликдан эҳтимолий ҳужумга тайёр бўлишга чақирган эди.

Ўз навбатида, охирги 24 соат ичида Исроилнинг Ливан ҳудудига берган авиазарбалари натижасида ҳалок бўлганлар сони 51 кишига етди. Яна 223 киши жароҳатланган.

Шу тариқа, Исроилнинг 23 сентябрдан бери Ливанга уюштираётган ҳужумлари қурбонлари сони 609 кишига етди.

Мавзуга алоқадор