Сўнгги 24 соат ичида Исроилнинг Ливан бўйлаб берган зарбалари натижасида 492 киши, жумладан, 35 бола ҳалок бўлди, жароҳатланганлар сони 1645 нафарга етди, дея хабар қилди мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Исроил армияси асосан мамлакатнинг жанубий шаҳарлари, шунингдек, Бекаа ва Баалбек ҳудудларига юзлаб ҳаво ҳужумларини амалга оширди.

Ҳужумлар фонида аҳолининг жанубий вилоятлардан пойтахт Байрут ва шимолий ҳудудларга кўчиш тўлқини давом этмоқда.

Ливан Таълим вазирлиги бутун мамлакат бўйлаб мактаблар фаолияти тўхтатилишини эълон қилган бўлса, Ички ишлар вазирлиги жанубдаги мактаблар Исроил ҳужумлари натижасида кўчирилганларни жойлаштириш учун очиқлигини билдирди.

Исроил армияси бош штаби сўнгги 24 соат ичида Ливанда 1,4 мингдан ортиқ ўқ-дорилар ёрдамида 1,1 мингдан ортиқ нишонга ҳужум қилингани, 650 га яқин жанговар парвозлар амалга оширилганини маълум қилди.

Исроил армияси берилган зарбаларда Ҳизбуллоҳнинг узоқ ва ўрта масофага мўлжалланган ракеталарининг ярми йўқ қилинганини иддао қилди.

 

Мавзуга алоқадор