17.06.2024 08:54

Колумбия Исроил ҳужумларидан жароҳатланган фаластинлик болаларни даволамоқчи

Колумбия ҳукумати Ғазо секторида Исроил ҳужумларидан жабрланган фаластинлик болаларга тиббий ёрдам кўрсатишини маълум қилди. Бу ҳақда "Associated Press" ахборот агентлиги хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Колумбия ташқи ишлар вазири ўринбосари Элизабет Тейлор Жей журналистларга берган интервьюсида ҳукумат ташаббусини маълум қилган. 
"Биз фаластинлик болаларга гуманитар ёрдам кўрсатишга қарор қилдик. Уларни оилалари билан бирга Колумбияга реабилитация қилиш учун олиб келамиз", – деган у матбуот анжуманида.
Жей айни пайтда Колумбия нечта болани қабул қилиши ва улар Ғазодан қандай эвакуация қилиниши ҳақида қўшимча маълумот бермаган.

"Ҳукуматимиз жароҳатланган болаларни Колумбия ҳарбий шифокорлари мамлакатда ўнлаб йиллар давом этган ички можаролар пайтида орттирган "тажриба"сидан келиб чиқиб даволаши мумкин деб ҳисоблайди", – дея сўзларини якунлаган вазир ўринбосари.

Маълумот учун, май ойида Колумбия президенти Густаво Петро мамлакати Исроил билан дипломатик муносабатларни узганини эълон қилиб, яҳудий давлати бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳукуматини фаластинликларга қарши геноцид содир этишда айблаган эди.

Бундан ташқари, Колумбия Тель-Авивнинг Ғазо секторидаги агрессиясига жавобан Исроилга кўмир етказиб беришни тўхтатган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.