14.02.2025 14:55

Каъба атрофида расмга тушиш тақиқлангани ростми?

Ижтимоий тармоқларда Каъба атрофида суратга олиш тақиқлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Баъзи инстаблогерлар Ҳаж ва Умрага бораётганларни "огоҳликка чақириб", бир неча чиқишлар қилди. Уларнинг айтишича, "бу тақиқни бузганларга биринчи марта 520 доллар жарима, кейингисида 10 йилга депорт" жазоси тайинланиши мумкин. Хабарчилар ушбу маълумотни тасдиқловчи бирор расмий манба келтирмаган бўлса-да, қайсидир танишлари билан ушбу ҳолат содир бўлганини айтишган.

Kun.uz'нинг ёзишича, мазкур ҳолатга изоҳ берган Саудия Арабистони элчихонаси вакили қиролликда, хусусан Ҳарам ҳудудида расман бундай тақиқлар мавжуд эмаслигини билдирган.

“Аслида бундай расман тақиқ ва расмга олиш учун юқорида айтилган жазолар мавжуд эмас. Лекин тавоф вақтида Каъба атрофида одамлар жуда кўп бўлишини инобатга олсак, бирор зиёратчининг ён-атрофни суратга олиш учун тўхташи одамларнинг йиғилиб қолишига олиб келиши мумкин. Шу мақсадда тиқилинчда телефон ишлатишга тавсиявий характерда рухсат берилмайди. Бошқа вақтларда расмга ёки видеога олиш мумкин. Бунинг учун депортация ёки жарима деган гаплар тўғри эмас”, деган Саудия Арабистони элчихонаси ходими Қасам ал-Отайбий.

Шунингдек, у ёш болаларни Ҳаж зиёратига олиб бормаслик ҳақида ҳам расмий тақиқ йўқлигини таъкидлаган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.