Исроил армиясининг ишғол остидаги Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари натижасида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 23 минг 84 кишига етди, 58 мингдан ортиқ киши жароҳат олди. Бу ҳақда Anadolu Ғазодаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига таяниб хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги 24 соат ичида Фаластин анклавининг яна 249 нафар аҳолиси Исроил тажовузи қурбонига айланган, 510 киши жароҳатланган.

Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаво, қуруқлик ва денгиздаги оммавий бомбардимонлари ҳамда эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармон танқислигидан азият чекмоқда.

Минглаб бинолар, жумладан касалхоналар, масжидлар ва черковлар ҳам Исроилнинг ҳаво ва қуруқлик ҳужумлари натижасида зарар кўрган ёки бутунлай вайрон бўлган.

Исроилда қурбонлар сони 1200 га яқин.

Бундан  ташқари, Исроил кучлари 7октябрдан буён ишғол остидаги Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда жами  5730 нафар фаластинликни ҳибсга олди. Фаластин асирлари уюшмаси ва Фаластин Озодлик Ташкилотининг (ФОТ) Фаластин асирлари ишлари бўйича қўмитаси маълумотларига кўра, 2023 йил охирида Исроил қамоқхоналарида 8800 нафар фаластинлик бор, улардан 80 нафари аёллар.

Мавзуга алоқадор