26.05.2025 15:53
193

исроил*нинг Ғазодаги қатлиоми: ёнганларнинг аксари – болалар

Интернетда тарқалган видеоларда аксари болалардан иборат ёниб кетган жасадлар ва аланга ичидаги муҳитда ёрдам сўраётган одамлар кўринади.

Душанба куни тонгда исроилнинг икки ҳаво ҳужуми оқибатида Ғазо шаҳри ва шимолий Ғазодаги Жабалияда жойлашган бошпана ва уйлар нишонга олинди. Унда камида 49 фаластинлик ҳалок бўлди.

Anadolu агентлигига шифокор манбалар маълум қилишича, Фаҳмий ал-Жиржавий мактабига қилинган ҳаво ҳужуми натижасида ҳалок бўлганлар сони 30 нафарга етган. Бу мактаб Ғазо шаҳрининг ал-Дараж туманида жойлашган, кўчирилган аҳолига бошпана сифатида хизмат қилаётган эди.

Al-Aqsa телеканали ва бошқа маҳаллий манбаларнинг хабар беришича, портлашдан кейин чодирларни ўт олган.

Гувоҳлар томонидан ёзиб олинган ва интернетда тарқалган видеоларда кўплаб болаларнинг ёниб кетган жасадлари ва ёниб турган муҳитда ёрдам сўраётган одамлар акс этган.

“Ёнган жасадлар ва ёнғин ичида қолган кўчирилган фуқароларнинг дод-войи воқеа жойида кўрилди ва эшитилди”, дейилади хабарлардан бирида.

исроил армияси бу ҳужумни тасдиқлаган ва ўз баёнотида ҲАМАС ушбу бошпанани "қўмондонлик ва назорат маркази"га айлантирганини даъво қилган. Бироқ бу даъвони асослаш учун ҳеч қандай далил тақдим этмаган.

Шу билан бирга, Ғазонинг шимолидаги Жабалия шаҳарчасида жойлашган уйга қилинган яна бир ҳаво ҳужуми натижасида яна 19 киши ҳалок бўлгани ва бошқалар жароҳат олгани ҳақида тиббий манба хабар берган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.