07.05.2025 08:15
52
исроил ҳукумати Ғазода қуруқликдаги операцияни кенгайтиришни тасдиқлади
исроил ҳукумати ҲАМАСга қарши қуруқликдаги операцияни кенгайтириш режасини маъқуллади. Унга кўра, Ғазонинг тинч аҳолисини анклав жанубига кўчириш режалаштирилмоқда.
исроил хавфсизлик маҳкамаси Ғазо секторида ҲАМАС гуруҳига қарши қуруқликдаги операцияни сезиларли даражада кенгайтириш режасини маъқуллади, деб ёзмоқда The Times of Israel. Шу билан бирга, мамлакат ҳарбий раҳбарияти ҳукуматни бу у ерда гаровга олинганларни хавф остига қўйиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
«Гидеон аравалари» номини олган режа «Ғазони забт этиш ва ҳудудни эгаллашни» ўз ичига олади. исроил Мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) бош штаб бошлиғи Эял Замирнинг сўзларига кўра, ҳарбий амалиёт исроил армиясига Ғазодаги ҳудудларни назорат қилиш, анклавнинг тинч аҳолисини жанубга кўчириш, ҲАМАСга ҳужум қилиш ва инсонпарварлик ёрдамини назорат қилиш имконини беради.
Қуруқликдаги операцияни кенгайтириш босқичма-босқич амалга оширилади, шиддатли жанглар бир неча ой давом этиши кутилмоқда.
Таъкдланишича, режа АҚШ президенти Дональд Трампнинг 13−16 май кунлари минтақага ташрифидан сўнг амалга оширилиши кутилмоқда ва шу вақтгача ҲАМАС билан ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишувга эришиш ҳаракатлари давом этади, дея хабар бермоқда исроил ОАВ.
Хавфсизлик маҳкамаси, шунингдек, Ғазо секторига гуманитар ёрдамни қайта тиклашни маъқуллади, бироқ ёрдамни тарқатиш механизми ўзгартирилади. Халқаро ташкилотлар ва хусусий хавфсизлик пудратчилари озиқ-овқат қутиларини тўғридан-тўғри Ғазодаги оилаларга тарқатади, оммавий сақлаш ва тарқатиш бекор бўлади.
исроил ўзгаришлар ҲАМАС жангчиларига ёрдамни эгаллаб олишни қийинлаштиришига умид қилмоқда. исроил армияси ёрдамни тақсимлашда бевосита иштирок этмайди, аммо аскарлар пудратчилар ва халқаро ташкилотларнинг ташқи хавфсизлигини таъминлайди.
Икки ойлик сулҳдан сўнг ЦАХАЛ 18 март куни Ғазо секторида жангларни қайта бошлади. Кейинроқ исроил ҳарбийлари қуруқликдаги янги операцияни бошлади. исроил бош вазири Беньямин Нетаньяҳу аввалроқ ҲАМАС тўлиқ мағлубиятга учрамагунча уруш олиб боришини бир неча бор айтиб ўтган.
ҲАМАС 2023 йил 7 октябрда ўғирлаб кетилган 58 нафар исроилликни гаровда ушлаб туришда давом этмоқда. Улардан 23 нафари тирик экани тахмин қилинмоқда