06.11.2024 11:32

Исроил мудофаа вазири Йоав Галант ишдан бўшатилди

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху мудофаа вазири Йоав Галантни ишдан бўшатди. Нетаньяху ушбу қарорга “уруш даврида бош вазир ва мудофаа вазири ўртасида тўлиқ ишонч бўлмагани”ни сабаб қилиб келтирди.

«Исроил бош вазири сифатидаги олий вазифам — мамлакат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳал қилувчи ғалабага элтиш. Уруш даврида бош вазир ва мудофаа вазири ўртасида тўлиқ ишонч ҳар қачонгидан ҳам зарур. Кампаниянинг дастлабки ойларида бизда шундай ишонч бор эди ва кўп нарсага эришдик, афсуски, сўнгги ойларда мен ва мудофаа вазири ўртасидаги бу ишончга путур етди», — дейилади Нетаньяхунинг баёнотида.

Унинг ўрнига ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаб келаётган Исроил Кац тайинланди. Гидеон Саар янги ТИВ раҳбари бўлди.

Йоав Галантнинг ишдан бўшатилишига норозилик билдирган юзлаб одамлар пойтахт Тел-Авив ва Қуддус кўчаларига чиқди. Улар Нетаньяхунинг истеъфосини ҳамда  ҲАМАС қўлидаги исроиллик асирларни озод қилишни талаб қилмоқда.

ҲАМАС расмий вакили Сами Абу Зуҳрий ҳам ушбу қарорга ўз муносабатини билдирди. “ҲАМАСни йўқ қиламан, деб мақтанган мудофаа вазири Йоав Галантнинг ўзи ишдан бўшатилди ва биз уларга айтамиз: "Галант кетди, лекин ҲАМАС қолди ва қолади, иншааллоҳ”, - деди у.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.