03.10.2024 09:30

Байден Нетаняхуга таъсири камайганидан ғазабда – Politico

Сўнгги вақтларда Байден Нетаняхуга таъсири камайганидан ғазабланмоқда, улар ўртасидаги телефон орқали мулоқотлар эса тортишувларга айланиб кетмоқда. Бу ҳақда Politico нашри АҚШ расмий шахсларига таянган ҳолда хабар бермоқда.

“Иккаласи ўртасидаги телефон қўнғироқлари тез-тез бақир-чақирларга айланмоқда. Байден ишончли одамларига исроиллик ҳамкасби ўт очишни тўхтатишни истамаётганини айтган, шунингдек, Нетаняху ўз сиёсий келажагини сақлаб қолиш учун можарони сўнгсиз давом эттириш ва ноябрдаги сайловларда Трампга ёрдамлашишга ҳаракат қилаётганини таъкидламоқда”, - дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Нетаняху ва унинг ҳукумати бир неча ойдан буён Ғазода ХАМАСга қарши урушни қандай олиб бориш бўйича Американинг тавсияларига эътибор бермай қўйган. Байден ва унинг ёрдамчилари Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий мақсадларини кенгайтираётганидан бир неча бор ҳафсаласи пир бўлган – бу Фаластин тинч аҳолиси учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши, асирликдаги исроилликларни озод қилиш бўйича келишув келажагини хавф остига қўйиши таъкидланмоқда.

Байден танқидчиларининг фикрича, ўтган ой Ливандаги Ҳизбуллоҳ аъзоларига тегишли пейжерларнинг Исроил томонидан ҳалокатли портлатиши АҚШнинг минтақадаги таъсири кучсизлашиб бораётганининг сўнгги белгиси бўлди. Чунки Нетаняху дастлаб АҚШ расмийларига Ҳизбуллоҳга қарши курашни тўхтатиб туришини айтган, бироқ пейжерлар билан боғлиқ ҳодиса ошкор бўлиши билан ўт очишни тўхтатиш таклифини қатъиян рад этган. Эртаси куни эса, бош вазир БМТда қизғин нутқ сўзлаганидан бир неча дақиқа ўтиб, Исроил Байрутга ракета ҳужуми уюштирди, натижада Ҳизбуллоҳ етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ҳалок бўлди ва Ҳизбуллоҳни қуюшқондан чиқарди.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.