20.02.2025 09:30

Исроил Ғазодаги 1109 та масжид ва учта черковни вайрон қилди

Фаластин Вақф ва Дин ишлари вазирлигининг хабар беришича, 2023 йил 7 октябрдан 2024 йил 19 январгача бўлган даврда Исроил тажовузлари давомида Ғазодаги 1109 та масжид ва 3 та черков вайрон қилинган.

Маълумотларга кўра, масжид ва диний муассасаларнинг камида 315 нафар ходими ҳалок бўлган, 27 нафари исроиллик ҳарбийлар томонидан ҳибсга олинган.

Қайд этилишича, Исроил бомбардимонидан 275 та масжид қисман ёки катта зарар кўрган, 834 та масжид эса бутунлай вайрон бўлган. Ғазодаги учта черков ҳам ҳаво ҳужумлари натижасида вайрон қилинган.

Бундан ташқари, Ғазодаги 60 та қабристондан 40 таси зарар кўрган, 21 таси бутунлай вайрон бўлган. Исроил аскарлари ҳалок бўлганларнинг жасадларини қазиб олиб, ўғирлаб кетишган, дея маълум қилди вазирлик.

Исроил қўшинларининг тажовузи натижасида 643 та диний объект (диний муассасаларга тегишли ерлар ва мулклар) вайрон қилинган. Шунингдек, 30 та юридик муассаса ва 30 та маъмурий бинолар, жумладан, вазирликнинг бош биноси ва Қуръони карим радиостанцияси ҳам зарар кўрган.

Вазирлик масжидлар ва диний муассасаларни тиклаш учун Миноралар коалицияси тузилганини эълон қилди. Коалиция таркибига 30 дан ортиқ давлатдан диний ва хайрия ташкилотлари раҳбарлари ва бошқа диний етакчилар киради.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.