Атроф-муҳит сифати бўйича Фаластин маъмурияти БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 6 ноябрда нишонланадиган Уруш ва қуролли можаролар вақтида атроф-муҳитдан фойдаланишнинг олдини олиш куни муносабати билан бир йилдан ортиқ вақтдан бери Исроил томонидан бомбардимон қилинаётган Ғазо секторидаги экологик офат ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, Исроил 2023 йил 7 октябрдан бери Ғазо секторига 85 минг тоннадан ортиқ портловчи моддаларни ташлагани 40 мингдан ортиқ фаластинликнинг ўлимига сабаб бўлиши билан бирга, қишлоқ хўжалиги ерларини ҳам бутунлай издан чиқарган.

Ғазо секторига ташланган бомбалар “Иккинчи жаҳон уруши даврида қўлланилган бомбалардан анча кучлироқ”.

“Исроилнинг тинимсиз бомбардимонлари натижасида катта-катта қишлоқ хўжалиги майдонлари яроқсиз ҳолга келтди, ер заҳарли кимёвий моддалар билан ифлосланди, ўнлаб йиллар давомида экин экишга яроқсиз ҳолга келди”, — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Исроил Ғазо секторида инсон ҳаёти ва барча тирик организмлар учун хавф туғдирувчи фосфор бомбаларини қўллаганига эътибор қаратилди. Бомба портлаши натижасида ер ости сувларига қўйилган кимёвий моддалар Ғазо секторидаги ҳаётга ўнлаб йиллар давомида салбий таъсир кўрсатади, дейилади ҳисоботда.

Фаластин маъмурияти БМТ ва халқаро ҳамжамиятни Исроил ҳужумларини тўхтатиш, атроф-муҳитдан ҳарбий мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш ва халқаро қонунларга риоя этилишини таъминлаш учун шошилинч чоралар кўришга чақирди.

Мавзуга алоқадор