02.01.2025 17:13
Исроил Ғазо, Ливан ва Ғарбий Соҳилда қанча аскар йўқотди?
Исроил ишғол радиоси минтақадаги сўнгги воқеалар давомида ўз ҳарбийлари орасида сезиларли талофатлар борлигини маълум қилди. Эълон қилинган маълумотларга кўра, 2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАС ҳужумлари натижасида Исроил ишғолининг 329 нафар зобит ва аскари ҳалок бўлган.
Ғазо секторида қуруқликдаги операция бошланганидан бери босқинчи ҳарбийлар ўртасидаги йўқотишлар 390 кишига етди. Ливандаги жангларда эса 50 нафар хизматчи ҳалок бўлди, 27 киши шимолий аҳоли пунктларига уюштирилган ракета ҳужумлари қурбони бўлди.
Ғарбий Соҳилда 11 нафар аскар йўқотилгани қайд этилди, турли ҳодисалар натижасида яна 84 нафар зобит ва аскар ҳалок бўлган.
Бундан ташқари, 2023 йил 7 октябрдан, яъни Исроилнинг Ғазо секторига ҳужумлари бошланганидан бери 28 исроиллик аскар ўз жонига қасд қилган.
Исроил армияси томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, Ғазо секторига ҳужумлар бошланганидан бери ўз жонига қасд қилган ҳарбийлар сони сезиларли даражада ошган.
2024 йилда ўз жонига қасд қилган ҳарбийлар сони 21 нафарни ташкил этди, бу сўнгги 13 йилдаги энг юқори кўрсаткичдир, дея қайд этди Исроил армияси.
2024 йилда ўз жонига қасд қилган 21 нафар ҳарбий хизматчининг 7 нафари оддий аскар, 12 нафари эса захирадан чақирилган бўлган.
Исроил армияси маълумотларига кўра, 2023 йилда 17 нафар ҳарбий хизматчи ўз жонига қасд қилган. 2023 йил 7 октябрдан кейин 7 та ўз жонига қасд қилиш ҳолати содир бўлган.
2022 йилда 14 та, 2021 йилда эса 11 та шундай ҳолат қайд этилган.
Исроил армияси, шунингдек, 2023 йил 7 октябрдан буён минглаб исроиллик аскар руҳий касалликлар туфайли жанг майдонини тарк этгани ҳақида хабар берди.