исроил* Дамашқ яқинидаги ҳудудга авиазарба йўллади
Бугун исроил ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли бешта жанговар самолёт Суриянинг Дамашқ шаҳри яқинида жойлашган Саҳная ҳудудига ҳаво ҳужумини амалга оширди. SANA ахборот агентлигининг берган маълумотларига кўра, ҳужум чоғида камида тўққизта авиазарба йўлланган.
исроил томони бу ҳарбий амалиётни Дамашқ атрофида фаолият юритаётган қуролли гуруҳларнинг маҳаллий аҳолига таҳдид солаётганига жавобан амалга оширилганини билдирди.
Расмий баёнотга кўра, ҳужум “друз фуқароларини ҳимоя қилиш” мақсадида уюштирилган.
Сурия Ички ишлар вазирлиги эса баёнотида исроилга тегишли учувчисиз учиш аппарати хавфсизлик кучлари тўпланган ҳудудга зарба берганини расман тасдиқлади.
“Бу — бугун эрталаб Саҳная ҳудудидаги хавфсизлик марказларига йўлланган иккинчи авиазарба ҳисобланади”, дейилади вазирлик хабарида.
Айни вақтда ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар ёки жароҳатланганлар ҳақида расмий маълумот берилмаган.