БМТ Исроилдан Сурияга ҳужумларни тўхтатишни талаб қилди
Суриянинг, Жазоир ҳамда Судан ташаббуси билан чақирилган БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғилишида кўплаб давлатлар Исроил оккупацияси томонидан Сурия ҳудудига уюштирилаётган ҳужумларни қаттиқ қоралади, дея хабар бермоқда Levan24 нашри.
Йиғилишда Россия, Греция, Франция, Дания, Панама ва Туркия вакиллари Сурия суверенитетини қўллаб-қувватлашларини билдирар экан, ҳарбий тажовузни зудлик билан тўхтатишга чақирди. Хабарда айтилишича, улар янги ҳукуматнинг душманлик намоён этмаётганини ва халқаро ҳамжамият томонидан кўмакка лойиқ эканини алоҳида таъкидлаган.
БМТ Бош котиби ўринбосари Жан-Пер Лакруа Дамашқ, Ҳама ва Ҳомс шаҳарлари ҳамда бошқа ҳудудлардаги ҳаво ҳужумлари ва қуруқликдаги ҳарбий операциялар натижасида тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлгани ҳақида маълумот берди.
Унинг таъкидлашича, Исроилнинг минтақадаги ҳарбий мавжудликни сақлаб қолиш режалари халқаро келишувларни бузиб, минтақа барқарорлигига жиддий таҳдид солмоқда.
Ливаннинг ташқи ишлар вазири Юсуф Режи эса Сурияни тиклаш ва унга қарши жорий этилган санкцияларни бекор қилиш жараёнини тезлаштиришга чақирди. У бундай қадамлар суриялик қочқинларнинг ўз уйларига хавфсиз қайтишига ёрдам беришини таъкидлади, деилади хабар матнида.