16.03.2024 16:32

Исломофобия, масжидларга ҳужум: Лондонда мусулмонлар Рамазонни хавотирда қарши олди

Лондон мусулмон жамоаси учун бу йил муқаддас Рамазон ойи нотинч бошланди. Исроилнинг Ғазодаги уруши фонида исломофобиянинг авд олиши қўрқув ва хавотирларни кучайтирди, ҳукуматдан хавфсизлик чораларини ошириш сўралмоқда.

Хусусан, февраль ойи ўрталаридан бери Лондонда бир қанча ҳодисалар, жумладан, учта масжид – Палмерс-Грин, Саутгейт ва Оиша масжидига ҳужумлар содир бўлди. Ҳужумчилар кузатув тизимларига зарар етказган ва компьютернинг қаттиқ дискларини ўғирлаган, дея хабар беради Лондон Ислом маданияти жамияти.

Мусулмонларга қарши воқеаларни қайд этиб борувчи Tell MAMA миллий тарғибот лойиҳасининг қайд этишича, Исроил Ғазо секторида ҳалокатли уруш бошлаган 7 октябрдан бери Буюк Британияда исломофобия ҳолатлари уч баробардан кўпроққа ошган.

Март ойи бошида Уэмбли масжидида ва Лестердаги бошқа масжидларда ҳам ҳодисалар ҳақида хабар берилган. Ушбу ҳудудларда жамоат аъзолари Рамазон ойида қаттиқ хавфсизлик чораларига риоя қилишга чақирилган.

Мусулмон жамияти бутун Лондон бўйлаб нафрат билан боғлиқ жиноятлар сезиларли даражада ошганига гувоҳ бўлмоқда. Жамоат баёнотида айтилишича, улар орасида шахслар ёки гуруҳларга шахсан ёки онлайн тарзда ҳақорат, ирқий ёки диний тазйиқ ва бошқа ҳуқуқбузарликлар киради.

Аввалроқ Британия ҳукумати айрим антимусулмон кайфиятдаги кучлар курашларни авж олдиргани фонида британиялик мусулмонлар жамоаларини ҳимоя қилиш учун 4 йил давомида 117 миллион фунт стерлинг (тахминан 150 миллион доллар) ажратиши ҳақида хабар берган эдик. Ушбу маблағлар асосан масжидлар, мусулмон диний мактаблари ва бошқа жамоат марказларини ҳимоя қилишга сарфланади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.