10.04.2025 09:35
124

Индонезия Ғазо аҳолисининг маълум қисмини қабул қилишга тайёрлигини билдирди

Индонезия Президенти Прабово Субианто мамлакат Ғазо секторидан 1000 нафар ярадор ва етим болани вақтинча қабул қилишга тайёр эканини маълум қилди.


Jakarta Globe порталининг маълумотига кўра, ҳозирда Прабово Субианто Яқин Шарққа йўл олган бўлиб, у минтақа етакчилари билан Ғазодаги инқирозни ҳал қилиш бўйича музокаралар ўтказмоқда. 


Самолётга чиқишдан олдин у журналистларга берган баёнотида Ғазо аҳолиси эвакуация қилиниши ва улар Индонезияда вақтинчалик жойлаштирилиши режалаштирилаётганини маълум қилди. Президентнинг сўзларига кўра, дастлабки босқичда 1000 нафар ғазоликка жой ажратилади.


“Биз ярадорларни қабул қилишга тайёрмиз. Тез орада Ташқи ишлар вазиримизни фаластин ҳукумати ва минтақадаги тегишли томонлар билан эвакуация жараёнини муҳокама қилиш учун юборамиз”, деди Прабово Субианто.


Манбага кўра, эвакуация учун Индонезия ўзининг самолётларидан фойдаланишни режалаштирмоқда. Бироқ Прабово Субианто бу жараён тегишли томонларнинг розилиги билан амалга оширилиши кераклигини таъкидлади.


“Эвакуация қилинганлар Индонезияда фақат вақтинчалик қоладилар. Ғазодаги вазият барқарорлашгач, улар ватанга қайтадилар”, деди Президент.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.