30.11.2024 08:23
Яна бир Африка давлати Франция билан ҳарбий ҳамкорликни бекор қилди
Чад ҳукумати Франция билан 2019 йилда янгиланган хавфсизлик ва мудофаа саноати соҳасида ҳамкорлик шартномасини бекор қилганини маълум қилди. Чад Ташқи ишлар вазирлиги томонидан қилинган ёзма баёнотда келишувни бекор қилиш қарори миллий ва халқаро жамоатчиликка маълум қилингани билдирилди.
Баёнотда ушбу қарор Чаднинг 66 йиллик мустақилликдан сўнг тўлиқ суверенитетини эълон қилиш ва стратегик шериклик муносабатларини миллий устуворликларга мувофиқ қайта белгилаш жараёнининг бир қисми эканлиги таъкидланди. Унда қайд этилишича, Чад ҳукумати келишувни бекор қилиш жараёнида белгиланган шартларга риоя қилади ва Франция ҳукумати билан уйғун ўтишни таъминлаш учун ҳамкорлик қилади.
Чаднинг мазкур қарори икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларга таъсир қилмаслиги, Франция билан умумий манфаатларга эга бўлган бошқа соҳаларда конструктив ҳамкорликни давом эттиришга қатъийлик таъкидланди. Ҳукумат, шунингдек, Францияга келишув доирасида ҳозиргача кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдирди ва янги ҳамкорлик моделлари устида ишлашга очиқ эканликларини билдирди.
Эътиборлиси, ушбу қарор Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноел Барротнинг Чад президенти Муҳаммад Идрис Деби Итно билан учрашувидан бир кун ўтиб қабул қилинди.