Германиялик футболчи Антонио Рюдигернинг Рамазон табриги можарога сабаб бўлди
Мадриднинг «Реал» клуби ва Германия терма жамоаси ҳимоячиси Антонио Рюдигер ижтимоий тармоқдаги обуначиларни Рамазон ойи кириб келиши билан табриклагани ортидан можаро марказига тушиб қолди, деб ёзади Sport24 нашри.
Рюдигер
табриклари сўзлари билан бирга этаги узун оқ либосда шаҳодат бармоғини юқорига
қаратган ҳолда тушган суратини ҳам чоп этди. Журналист Жулиан Рейхелт бу
ишорани футболчининг террор ташкилоти билан алоқаси белгиси деб ҳисоблади.
ОАВдаги туҳматли
баёнотлардан сўнг Рюдигер Рейхелтни ҳақорат, туҳмат ҳамда динлараро нафрат ва
адоватни қўзғатишда айблаб, судга берди. Германия футбол ассоциацияси спортчини
қўллаб-қувватлади.
“Рамазон бошланиши муносабати билан мен пост эълон қилдим. У
13 кундан бери жамоатчиликка
очиқ бўлиб, ҳеч кимнинг танқидисиз бир неча миллион обуначиларни жалб
қилди. Аммо сўнгги кунларда бу суратдан айрим шахслар асоссиз айбловлар қўйиш
учун фойдаланмоқда. Мен ишлатган имо-ишора исломда Аллоҳнинг бирлиги ва ягоналигини
англатади. Бу имо-ишора бутун дунё мусулмонлари орасида кенг қабул қилиниб,
сўнгги бир неча кун ичида Ички
ишлар вазирлиги томонидан муаммо туғдирмаслиги аниқланган”, - деб ёзди футболчи Bild нашрига.
Рюдигер мусулмон
сифатида ўз динига амал қилиши, лекин экстремизмнинг ҳар қандай туридан ўзини
қатъий узоқ тутишини таъкидлади. “Зўравонлик ва терроризмни мутлақо
қабул қилиб бўлмайди. Мен тинчлик ва бағрикенглик тарафдориман. Оила аъзоларим турли
динларга мансуб. Бироқ, биз бир-биримизни ҳурмат қиламиз ва диний байрамларни
бирга нишонлаймиз. Ҳурмат ва бағрикенглик барчамиз оиламизда намоён бўладиган
асосий тамойиллардир”, - дея
таъкидлади у.
Шу билан бирга, футболчи етарлича эътибор берилмаганлиги сабабли, учинчи
шахсларга бўлиниш ва қутбланиш учун хабарини атайлаб нотўғри талқин қилиш
имкониятини берганини тан олди.
“Аммо
мен бўлиниш ва радикаллашув учун платформа тақдим этмайман, шунинг учун иккита
муваффақиятли халқаро ўйинимиздан сўнг аниқ баёнот беришга қарор қилдим. Шу
билан бирга, мен ўзимни ҳақорат қилиш ва камситишларига ҳам йўл қўймайман. Шунинг учун шикоят
қилишга қарор қилдим”, - деб
ёзди у.
Антонио
Рюдигер бу борада уни доим қўллаб-қувватлаган Германия футбол ассоциациясига миннатдорчилик
билдирди.