Германия учта шаҳридаги Эрон консулхоналарини ёпди
Германиянинг муваққат ишлар вакили Берлиннинг Эроннинг учта консуллигини ёпиш ҳақидаги қарори ортидан Эрон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди, Теҳрон фикрича, бу Эрон фуқароларининг консуллик хизматларидан фойдаланиш имкониятини чеклайди.
Эрон ТИВ
вакилининг таъкидлашича, Берлиннинг Германиядаги Ислом Республикасининг
консуллик идоралари фаолиятини тўхтатишга қаратилган чораси “ўзини оқламайдиган
ҳаракатдир”. Унинг сўзларига кўра, Франкфурт-на-Майн, Гамбург ва
Мюнхендаги Эрон консулликлари “Германияда яшовчи эронликларга зарур консуллик
хизматларини кўрсатиш ва уларнинг қабул қилувчи давлатдаги манфаатларини ҳимоя
қилиш” учун ташкил этилган. Унинг таъкидлашича, консулликларнинг ёпилиши Эрон
фуқаролари учун асоссиз қийинчиликлар туғдиради ва уларнинг асосий ҳуқуқларини
бузади.
Консулликларни ёпиш тўғрисидаги қарор Германия ва Эроннинг
икки фуқаролигига эга бўлган Жамшид Шармаҳднинг Эронда қатл этилиши муносабати
билан 31 октябрь куни Германия томонидан қабул қилинган. Шармаҳд террорчилик
фаолиятида, Марказий разведка бошқармаси, ФБИ ва Моссад каби разведка идоралари
билан ҳамкорлик қилиш ҳамда Эрон
монархияси билан алоқада айбланган.
У Қўшма
Штатларда яшаган, БААда ҳибсга олинган ва 2020 йилда разведка операцияси
давомида Эронга ўтказилган. Шармахд 2023 йилда ўлим жазосига ҳукм
қилинди, бу Германиянинг Теҳрондан икки дипломатини чақириб олишига сабаб
бўлди. Ҳукм 2024 йил апрель ойида тасдиқланган.
Консулликлар ёпилиши билан Эроннинг Германиядаги дипломатик
фаолияти энди Берлиндаги элчихона билан чекланади, деб хабар беради
interfax.ru.