13.04.2024 13:30

Ғазонинг йўқ қилиниши ва Америка империализмининг глобал қирғинбарот уруши

Ўтган ҳафта Мичиган штатидан республикачи конгрессмен Тим Уолберг Ғазони 1945 йил – Иккинчи жаҳон уруши охирида АҚШ атом бомбалари томонидан кули кўкка совурилган Япония шаҳарлари Нагасаки ва Хиросима каби йўқ қилишни таклиф этди.

“Биз гуманитар ёрдамга бир тийин ҳам сарфламаслигимиз зарур”, – деди Уолберг Энн Арбор жанубидаги Данди шаҳридаги шаҳар ҳокимияти йиғилишида. “Бу Нагасаки ва Хиросима каби бўлиши керак. Тезроқ ҳал қилинг”, - деди у.

Конгрессменнинг бутунлай ҳимоясиз ва тўрт девор ичидаги аҳолини йўқ қилишга чақириши Америка ҳукмрон синфини қамраб олган қотиллик кайфиятини яққол ифода этади. Ўнлаб йиллар давом этган абадий урушлардан сўнг Қўшма Штатлар эндиликда фашистлар Германияси билан боғлиқ жиноятчилик даражасига яқин келиб қолди.

Нетаняху ҳукумати Оқ уй кўмагида Фаластин масаласига "якуний ечим" доирасида Ғазони ер билан яксон қилиш, аҳолисини очликдан ўлдириш ва тирик қолганларни ҳудуддан чиқариб юбориш қарорини қабул қилди.

Бу Байденнинг ўтган ҳафта Исроилга яна 1800 (816,5 килограмм), 2000 (907 килограмм) фунтли бомбалар юбориш ҳақидаги қарорининг мазмунидир.

Исроил Ғазонинг кичик анклавида ядро қуролидан фойдаланмайди, негаки бу Исроилнинг ўз ерларини яшаш учун яроқсиз ҳолга келтиради ва фаластинликлар кўчирилгандан сўнг Исроил эгаллаб олишга умид қилаётган соҳил бўйидаги кўчмас мулкларни нурлантириб юборади. Аммо Исроил аллақачон Ғазога 65 минг тоннадан ортиқ ўқ-дори ёғдирди, бу Хиросима ва Нагасакини портлатган бомбаларнинг портлаш кучидан уч баравар зиёдроқ.

Натижада Ғазо секторидаги биноларнинг 54 фоиздан ортиғи шикастланди ёки вайрон бўлди,  Нагасаки бомбардимон қилинганидан кейинги кўрсаткич эса 40 фоизни ташкил этган.

Уолбергнинг фаластинликларни йўқ қилишга очиқ чақируви теран нигоҳлар билан қараганда ғоят муҳим аҳамиятга эга, зотан Ғазодаги геноцид АҚШнинг Украинадаги Россия билан билвосита урушига ва унинг Хитой билан яқинлашиб келаётган, урушга айланиши мумкин бўлган можарога алоқадордир.

Исроилни "бизнинг энг катта иттифоқдошимиз" деб атаган Уолберг Ғазонинг очликдан азоб чекаётган аҳолисини боқиш учун қилинган ҳар қанақа ҳаракат Эрон ва Россия ҳамда Хитой учун туҳфа бўлишини айтди.

Ғазо учун "Нагасаки ва Хиросима" ечимини таклиф қилгач, Уолберг дарҳол "Украинада ҳам шундай бўлиши керак", "АҚШнинг мақсади Россия кучларини йўқ қилиш бўлиши керак"лигини эълон қилди.

Кейинроқ Уолберг изоҳ бериб, “ҲАМАС ва Россия қанчалик тез таслим бўлса, олдинга силжиш шунчалик осон бўлади”, деди.

Уолберг АҚШнинг бутун сиёсий идораси ва оммавий ахборот воситалари яширмоқчи бўлган нарсаларни баралла айтмоқда. Байден маъмурияти Қўшма Штатлар Россия билан урушда эмаслигини ва Хитой билан "можарога" интилмаслигини бир неча бор эълон қилган.

Агар Қўшма Штатлар Россияни "таслим қилиш" ва Адольф Гитлер муваффақиятсизликка учраган жойда муваффақият қозониш учун унга қарши ҳужумкор уруш олиб боришга ҳаракат қилса, бу муқаррар равишда Иккинчи Жаҳон урушидан бери кузатилмаган оммавий ўлим ва қирғинга сабаб бўлади.

Шу нуқтаи назардан, Ғазо геноциди глобал можаронинг ибтидо нуқтаси бўлиб, кейинги қадамларда қурбонлар юз минглаб, ҳатто юзлаб миллионлаб кишиларни ташкил этиши мумкин.

20-асрнинг энг катта даҳшатлари: жаҳон уруши, геноцид ва ядровий холокост эҳтимоли яна бир бор таҳдид солмоқда.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.