18.09.2024 19:02

Ғазоликлар сабр-матонати ғарбликларни Қуръонни ўрганишга ундамоқда

Бугун мисли кўрилмаган азоб-уқубатларга ўз ҳолича ташлаб қўйилган ғазоликларнинг кучли эътиқоди, ишончи ва матонати дунё бўйлаб жонли эфирда намойиш этилмоқда. Мана шундай жараёнда инсоният уйғониб, дунёнинг ҳақиқий манзарасини ғира-шира бўлса-да кўряпти. Бу эса Ғарб дунёсида янги ҳодисани юзага келтирди.

11 сентябрь воқеаларидан кейин бўлганидек, одамлар ушбу собит эътиқоднинг манбасини излаб, Қуръонга мурожаат қиляпти. Бироқ бу сафар вазият ўзгача. Бундай иштиёқ катта маблағлар эвазига оммавий ахборот воситалари, сиёсат ва киноиндустрияни мусулмонларга қарши “қуроллантирган” ва Террорга қарши уруш сингари ёлғон даъволар орқали Ислом ва мусулмонларни ёмонотлиқ қилиш учун пайдо бўлмаган.

Аксинча, Тhe Guardian нашрининг ёзишича, “бугун ғарбликлар фаластинликларнинг мисли кўрилмаган чидамлилиги, эътиқоди, ахлоқий кучи ва характерини тушуниш учун Қуръон ўқимоқда”.

Шу зайлда, минглаб одамлар ўзлари кашф этаётган ҳақиқатни англаб, Қуръоннинг ўзгартирувчи таъсирини ўз таналарида ҳис қилишмоқда. Бу кўпларни Исломни қабул қилишга, бошқаларни эса унга янги нуқтаи назар билан қарашга ундаяпти.

Биз Қуръонга ҳар қачонгидан кўпроқ боғланяпмиз, унинг оятлари кўз олдимизда жонланмоқда. Яратганнинг илоҳий каломи айни пайтда юз бераётган даҳшатли воқеаларни тушунишга, ҳақиқатни билиш ва зулмат ортидаги нурни кўришимизга ёрдам бермоқда.

Аллоҳ ўзини Қуръоннинг энг улуғ оятида тасвирлайди. Мусҳафда Унинг сифатлари – абадий тириклиги ва қоимлиги зикр қилинган бўлиб, биз Ундангина паноҳ сўраймиз ва Унинг ўзигагина ибодат қиламиз. Аллоҳнинг ҳидояти, беқиёс ёрдами адашишлар, йўқотишлар ва сохта ваъдалардан холи бўлмаган дунёда мўминларни нажот сари етаклайди.

Замон фиръавнлари қанчалик қувватли бўлмасин, Аллоҳнинг адолатидан қочиб қутула олмайди. Мусулмонлар жонлари ва қонлари билан бўлса ҳам ҳақиқатни ҳимоя қилишга буюрилган.

Шу боисдан ҳам умри давомида адолатли жамият қуриш истагида яшаган халқлар бугун Қуръонга ошуфта бўлмоқда. 

Жумладан,
Ғарбда машҳур блогер, фаол китобхон ва контент ижодкори Меган Райс  ғазоликларнинг жасорати туфайли Қуръонга қизиқиб қолган инсонлардан бири ҳисобланади. Унинг ТикТок аккаунтида бўлиб ўтган суҳбати барча қадрли нарсасидан айрилган фаластинликларнинг иймони ва шукроналик белгиси бўлган ибодат ва зикрда ўтаётган ҳаёти кузатувчиларни ҳайрат кўчасига етаклади. Ўзининг айтишича, илгари диндор бўлмаган Меган биринчи марта Қуръонни ўқишни бошлади ва тингловчиларини ўзининг виртуал Жаҳон динлари клубига таклиф қилди. Шундай қилиб, у тезда Илоҳий калом ўзининг асосий қадриятларига, яъни зулмга қарши ғояларига мос келишини кашф этди. Бу ҳолат унинг Ислом ҳақидаги аввалги нотўғри тушунчаларини бутунлай ўзгартириб юборди. Бир ой ичида у Исломни қабул қилганини эълон қилиб, иймон калимасини келтирди.

Меган ўшандан бери Қуръонни шахсан ўрганишни ижтимоий тармоқлардан ташқарида ҳам давом эттираётган бўлса-да, унинг ТикТокда эълон қилган Қуръон китоби клуби” дастури 16 миллиард мартадан кўпроқ тингланди.

Яна бир мисол – Нефертари Моонн. У динига амал қилмайдиган мусулмон билан турмуш қурганини, турмуш ўртоғи ўзини Худога ишонаман, деб айтса-да, ҳақиқатда исломий амаллардан узоқ яшашини айтган. Нефертари ҳам фаластинликларнинг эътиқоди ва характерини яхшироқ тушуниш учун Қуръон ўқишни бошлагач, иймонга келган. У ўз турткисини шундай изоҳлайди: Одамлар ўлим билан юзма-юз келганида нега Аллоҳни улуғлашини билишни хоҳлардим... Қуръон оятларини ўқиб чиққач, Илоҳий сўзлар менга жуда таъсир қилди. Мен Қуръонга ҳиссий жиҳатдан боғлана бошладим”.

Аслида ҳам шундай – Қуръон бизга ҳаёт ҳақиқатини ўргатади. Биз ҳаётимиздаги энг муҳим ва севимли нарсаларни йўқотиш билан синаламиз. Кимки сабр-тоқат қилиб, чин дилдан Аллоҳга таслим бўлса ва ҳамма нарса Уники эканлигини тан олса, албатта кўпроқ мукофотланади:

Албатта, Биз сизларни қўрқув, очлик, мол-мулк, жон ва ҳосилни йўқотиш билан имтиҳон қиламиз. Сабр қилувчиларга – уларга мусибат етганда: Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз", дейдиганларга – хушхабар беринг. Ана ўшаларга Парвардигорларидан саловот ва раҳмат бордир. Ана ўшалар ҳидоят топгувчилардир”. (2-155-157)

 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.