15.02.2025 07:56
318
Ғазодаги қочқинлар лагерларини сув босди
Ғазо фуқаролик мудофааси вакили Маҳмуд Басалнинг маълум қилишича, кучли ёмғир ва совуқ ҳаво туфайли кўчирилган аҳоли яшайдиган ўнлаб чодир ва вақтинчалик бошпаналар сув остида қолган.
Унинг сўзларига кўра, кўплаб чодирлар сувга тўлган, вақтинчалик турар-жойлар эса ҳатто оддий об-ҳаво шароитларидан ҳам ҳимояланмаган.
Ишончли бошпаналарнинг йўқлиги Ғазода озиқ-овқат, тоза ичимлик суви, дори-дармон ва иссиқлик таъминоти билан боғлиқ муаммоларни янада кучайтиради.
Басал халқаро ҳамжамиятни зудлик билан аралашиб, Исроилни зарур инсонпарварлик ёрдам юкларини, хусусан, сув ўтказмайдиган чодирлар ва фавқулодда ёрдам воситалари ўтиши учун чекловларни бекор қилишга мажбур қилишга чақирди.
Исроил 18 йилдан буён Ғазони қамалда ушлаб турибди. 2023 йил октябридан бошланган ҳарбий кампания натижасида 2,3 миллион аҳолининг қарийб 2 миллиони ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди.