Ғазо секторида Исроил ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган оммавий ахборот воситалари ходимлари сони 86 нафарга етди, деб хабар бермоқда Anadolu Фаластин анклав ҳукумати матбуот хизматига таяниб. Улардан уч нафари аёл эканлиги аниқланган.

Хабар қилинишича, 11 декабрь куни анклав ҳудудида Исроилнинг ҳаво ҳужумлари оқибатида яна икки нафар журналист ҳалок бўлган.

"Исроил фаластинлик журналистларни ўлдириш билан Фаластин тарихини ва ҳақиқатни яширишни мақсад қилган", - дейилади ҳисоботда.

Баёнотда ҳалок бўлган журналистларнинг шахси ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Аввалроқ, 1 декабрь куни Anadolu агентлиги оператори Мунтасир ас-Савваф Ғазо жанубидаги Ал-Дурж ҳудудидаги бомбардимонларда ҳалок бўлган эди. Ал-Саввоф 18 ноябрь куни Исроилнинг навбатдаги ҳаво ҳужумидан сўнг қарийб бутун оиласидан айрилганди. Мухбирнинг ўзи яраланган, бироқ ишни давом эттиришга қарор қилганди.

“Мен шу ерда қоламан. Нима бўлишидан қатъи назар, охирги нафасимгача ишимни бажаришда давом этаман ва Ғазо секторида олинган кадрларни юбораман. Босқинчиларнинг бизга қилгани ишимизни давом эттиришимизга тўсқинлик қилмайди”, - деган эди у.

Ғазода ҳар куни бир неча юз фаластинликлар ҳалок бўлади, қурбонларнинг умумий сони аллақачон 18 минг кишидан ошди. Уларнинг аксарияти аёллар ва болалардир.

Мавзуга алоқадор