09.05.2024 19:00

Ғазо глобал мафкуравий урушнинг маркази сифатида

Замонамиздаги дунё ҳолати барбод бўлган олам тартиби тарафдорларига фойда келтириш учун яратилган бўлиб, бу уларга ўз йўлига эга бўлишга ва ўз қилмишлари учун жавобгарликдан қутулишга имкон беради.
Бу тизим нафақат ўрнатилган тизимлар ва қонунларни масхара қилмоқда, балки бутун жаҳон ҳамжамиятининг ҳам унга бўлган ишончини пасайтирмоқда.
Замонавийлик инқирози
Кенг ёйилган халқаро тартибнинг қудратли, бой ва зўравон “оталари” учун бир мезон тўплами, уларнинг манипуляция ва зўравонлик тактикаси қурбонига айланувчи оддий тоифа вакиллари учун эса бошқа мезон тўплами мавжуд.
Агар яқинроқ қарайдиган бўлсак, қадимий ва ўрта асрлардаги ижтимоий-сиёсий динамикадан аслида деярли ҳеч нарса ўзгармаганини осонгина илғаш мумкин. Бу биринчи навбатда қулдорлик, кейин феодализм ва ниҳоят либерал капитализм бўлиб, уларнинг барчаси заиф эволюцион тўсиқларни яратиб, шунчаки аввалгидек идеаллар ва мақсадларни илгари сурдилар ва шунга ўхшаш "моди операнди"ларга (бирор нарсани бажаришнинг муайян услуби) мурожаат этдилар. 
Ва агар сиёсий тизимлар ва бошқарув усуллари ҳақида гапирадиган бўлсак, бу биринчи навбатда мутлақ монархия, кейин олигархия ва диктатура, ниҳоят, хаёлий демократия бўлиб, буларнинг барчаси принцип жиҳатидан худди юқоридагидек мотивлар ва интилишларни олға сурган ижтимоий-сиёсий эволюцион тузумнинг қоронғи аломат ва ишораларини такрорлайди.
Бу шуни англатадики, асрлар оша на инсон ва на унинг тартибга солиш усуллари ўзгармади. Глобал жамоавий хулқ-атвор динамикасидаги янглиш ифода этилган ўзгаришларни ойдинлатишга қанайдир даражада ҳаракат қилинса-да, инкор этиб бўлмас ҳақиқат шуки, инсоният тараққиёти, умуман олганда, қарама-қаршилик, босқинчилик ва ҳукмронлик мойиллиги билан боғлиқ бўлиб, кўп йиллик урушлар ва хунрезликларга сабабчи бўлиб келмоқда.
Сир эмаски, замонавий инсон ва унинг шовинистик жамиятларининг фикр ва хатти-ҳаракатларини бошқарадиган нарса жамоавий қарама-қаршилик, моддий ёки номоддий мустамлакачилик, псевдомаданий ва ғайри-инсоний ишғол ва релятивизмга асосланган. 
Мафкуравий ноаниқлик ва экзистенциал (мавжудий) ишончсизлик даврида, ягона муомала воситаси - куч ишлатиш. Бунинг асоси институционал топинишнинг ягона объекти бўлган моддапарастликдир. Бу инсоннинг истак майлларига ва муқаддасотга адоватли муносабатда бўлиб, охир-оқибат ўзи билан келажак ҳаёти учун турткининг ягона манбаи бўлиб хизмат қиладиган қадриятларни йўқ қилиб омматан мавжудликнинг қадрсизланишига сабаб бўлади. 
Айни шу тарзда, глобаллашув мафкуравий жаҳон уруши учун кураш майдонига айланди, бу ерда ғоялар, дунёқарашлар ва тизимларнинг кенг доираси муттасил равишда бир-бири билан ўзаро зиддиятда бўлади, курашади. На муҳлат ва на ечимларсиз, замонавий ва постмодерн давр энг қонли ва шафқатсиз даврга айланди. Моддий тараққиёт ва цивилизация номидан замонавий инсон дунё миқёсида нотўғри ва ғайриахлоқий хатти-ҳаракатлар ва бузғунчилик қилиш усулларини такомиллаштириб борди ва бормоқда. У оммавий ҳалокат агенти ва оммавий қотиллик машинасига айланди.
 Демак, XX ва XIX асрнинг биринчи чорагини одамзоднинг инсонийлиги ва унинг тамаддун траекториясининг чўққиси деб ҳисоблаш хато бўлади. Балки, бу даврни инсоният ҳам, цивилизация ҳам шиддат билан таназзулга юз тутган ва йўқ бўлиб кетиш ёқасига яқинлашиб қолган давр сифатида қараш мақсадга мувофиқ. Сираси, бу даврни ё замонавий ибтидоийлик ёки ибтидоий модернизм даври дейиш мумкин. 
Ғазо фожиаси замонавий давр қонунбузарликларининг тимсоли сифатида
Умуман олганда, Фаластин масаласи ва хоссатан, давом этаётган Ғазо инқирози замонавий вақтларнинг зулмат қоплаган, қоронғи томонларини ифодалайди. Контекстлар (сиёқлар) кучлига қарши кучсиз, фозилга қарши ёвуз, номуслига қарши беномус ва ҳурриятга қарши истибдоднинг жангга кириб, урушиш майдони бўлиб хизмат қилмоқда.
Айтиш ўринли бўладики, Фаластиндаги жиноятларнинг бевосита соҳиблари сионизмнинг шайтоний миллатчилик ва сиёсий мафкурасини тамсил этувчи сионистлардир. Институционаллашган Ғарб ва унинг муҳташам цивилизациясининг тенг даражада шайтоний қатламлари уларни фаол равишда қўллаб-қувватламоқда, орқаламоқда. 
Замонавий даврнинг барча мафкуравий ва цивилизациявий иллатлари Фаластинда устунлик мажмуаси ва ижтимоий-маданий ўзига хосликдан тортиб, империализм, бўйсуниш ва гегемонлик тушунчаларигача тўла-тўкис намоён бўлди.
Ғарб ва Исроилнинг итоаткор ва эркатой пиёда сифатидаги ёлғонга асосланган ва айёрона сиёсати ҳукми остида бўлган Фаластин ерлари, у ердаги халқнинг ҳаёти ва умидларининг батамом ва шафқатсиз бир тарзда йўқ қилиниши, айниқса, ХХ аср бошидан бери дунё саҳнасидан аримай келаётган мислсиз фожиа ва даҳшатларни мужассам этади.
Алалоқибат, Фаластин мулки, ҳаёти, орзу-интилишлари ва қадр-қиммати ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас деб топилди, мутлақо оёқости қилинди, қадрдан маҳрум этилди. Ғарбий-Исроил ёвузлик ўқининг шайтоний интилишлари билан ёнма-ён яшар экан, Фаластин мавжудлиги савол остида қолаверади. Фаластин ери ва халқи ном ва юздан маҳрум қолади. Улар на муайян бир шахсиятга эга ва на номга лойиқ кўрилади. 
Исроил ва унинг ғарбдаги иттифоқчилари назарида, Фаластин халқи содир этган энг катта “жиноят” шундаки, улар мустамлакачиликнинг энг мураккаб шаклини амалга ошириш йўлида тўсқинлик қилмоқда. Бу йўлда улар жисмоий йўқ қилинади, хариталардан, шунингдек, тарих йилномалари ва жамоавий инсон хотирасидан ўчирилади.  Яъни қайсидир маънода - Фаластин ва Фаластинликлар "нотўғри" вақтда "нотўғри" маконда яшамоқдалар. 
Ғазо ва инсон ҳаёти қадрининг топталиши
Ғазодаги фожиали воқеаликлар, гарчи юракни ранжитадиган, дилни хира қиладиган бўлса-да, ажратувчи мезон эканлигини исботламоқда. Ғазо бўлгаси майдонида ҳақиқат ёлғондан, маданият ваҳшийликдан, ақл-идрок телбаликдан, одамийлик ёвузликдан аниқ ажратилган. Фаластиндаги инсоний қадр-қиммат ва инсон ҳаётининг табарруклиги тушунчалари сионистлар томонидан оёқости қилиб юборилди. Сионистлар фаластинликлар ва уларнинг умумий манфаатларига заррача эътибор бермади. 
Яҳудийликнинг асосий тамойилларидан бири (энг камида принцип жиҳатидан) - худди насронийлик ва исломдаги каби - бутун одамзод ҳаётининг муқаддас эканлигидир, шундай экан, бундай ёвуз тафаккур ва хулқ-атвор уларда қандай мавжуд бўлиши мумкин, деган савол туғилади кишида. Қудратли Тангрининг ижоди ўлароқ инсонийлик дин, ирқ ва маданият параметрларидан устун туради. У бошқа даражада ишлайди, унда бошқача қоидалар тўплами мавжуд. 
Одамлар турли динларга эргашишлари, турли этник гуруҳларга мансуб бўлишлари ва турли хил ижтимоий-маданий меъёрларга риоя этишлари мумкин - буларнинг барчаси одамлар, ер ва бутун коинотнинг Яратувчиси томонидан ўрнатилган жисмоний ва метафизик қонунлар билан белгилаб қўйилган - айни вақтда буларнинг ҳеч бири ҳеч бир тарзда бошқа бирига, яъни фарқли бир инсон гуруҳлари фитрати ва инсонийлигига сингиб кетган қонунларга дахл қилмайди, аралашмайди. 
Инсонийликнинг айни шу жиҳатига ўзгача эътибор қаратилган. Динимизда у эъзозланади, табаррук айланади, қадрланади. Шак-шубҳасиз, ижодни ҳурмат қилиш Яратганни улуғлаш билан  баробар, уни таҳқирлаш эса Яратганга нисбатан осийлик билан тенгдир. 
Инсон ҳаётининг муқаддаслиги экзистенциал умумбашарий қонуниятдир
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни инсониятнинг отаси сифатида Ўзининг суратида яратганини айтдилар (Саҳиҳ Муслим). Ўз-ўзидан маълумки, бу ҳадисни на тўғридан-тўғри ва на инсоний атамалар билан тушунишга ҳожат йўқ, зотан "У зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир" (Шуаро сураси, 11 оят), лекин ушбу ҳадис инсоннинг энг гўзал суратда яратилгани (Тийн сураси, 4 оят) ва ҳаётнинг пайдо бўлишидан бошлаб, инсониятга ҳаётнинг онтологик матрицасида ва маркази бўлган борлиқда махсус мақом берилиб, у бу ерда ўзига хос вазифани адо этишини таъкидлайди.
Шундай қилиб, инсон қадрининг универсаллиги ва ҳаётининг муқаддаслиги инкор этиб бўлмас ҳақиқатлар сирасидан. Бу умумбашарий қонуният инсоннинг ердаги мавжудлиги ва Аллоҳ таолонинг Қуръони Карим орқали ваҳий ўлароқ юборган билдириқларининг асосий мазмунидир. Ваҳий ўша қонуният учун пировард йўналиш ва йўл кўрсатувчилик вазифасини бажаради.
Инсон ҳаётининг дахлсизлиги ҳақидаги мазкур қудратли қонун ер юзидаги биринчи инсон ва пайғамбар Одам Ато ва унинг хонадони билан боғлиқ воқеалар пайтидаёқ илк ўринларга қўйилган. Нима учун? Чунки улар ер юзидаги биринчи одамлар ўлароқ риоя этишлари лозим бўлган стандартларни белгилашлари керак эди, улар авлодлар учун мезон ишлаб чиқишлари даркор эди.
 Қонун авлодлардан авлодларга ўтиб келаверди, ҳар бир пайғамбар даврида у қайта жонланди, унга алоҳида эътибор қаратилди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам сўнгги рисолат элчиси сифатида қонуннинг пойдеворда қолишини ва қиёматга қадар ўз қадри ва аҳамиятини сақлаб қолишини кафолатлаб бердилар.

Azon Global таҳлилчиси Муҳаммад Довуд Асадуллоҳ 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.