Ғарбдаги демократия инқирози: ҳар 2 кишидан 1 нафари норози
Гарчи Европа Иттифоқи Шарқий Европадаги аъзо давлатлар ёки Туркия каби аъзоликка ариза берган давлатларга тез-тез демократия ҳақида огоҳлантиришлар берса-да, Европа Иттифоқи институтларининг ўзи “демократик дефицит” муаммосидан азият чекмоқда.
Париж истиқбол тадқиқотлари маркази (PARC) директори Др. Невзет Челик анкета маълумотларидан фойдаланиб, Ғарбда демократияга ишончнинг заифлашгани ҳақида ёзди.
***
Ўтган ой Institut Public de Sondage d'Opinion Secteur
(Ipsos) томонидан чоп этилган ва Англия, Франция, Италия, Швеция, Полша,
Хорватия ва Америка Қўшма Штатларида (АҚШ) ўтказилган "Демократия
ҳолати" сўрови шуни кўрсатадики, Ғарб жамиятларида демократияга норозилик
ҳар қачонгидан ҳам ортганини кўрсатди. Сўровда қатнашган барча
мамлакатлардаги одамларнинг қарийб ярми ўз мамлакатларидаги овоз бериш,
ҳокимият тақсимоти, сиёсат функционаллиги ва даромадларни тақсимлаш каби
масалаларда демократиянинг ишламаслигидан норози.
Сўровномалар нима дейди?
Иштирокчиларнинг фикрича, охирги 5 йил ичида бу
мамлакатларда демократия фаолияти аста-секин ёмонлашган. Хусусан, АҚШ ва
Францияда ҳар 10 кишидан 7 нафари сўнгги йилларда демократия ёмонлашганини
айтади. Мисол учун, сўнгги 5 йил ичида демократия ёмонлашди, деб ҳисоблайдиган
французлар улуши рекорд даражада юқори – 73 фоиз. Сўровнинг яна бир диққатга
сазовор томони шундаки, барча мамлакатларда одамлар ҳозирги сиёсий тизимни
яхшилаш учун туб ўзгаришлар зарур, деб ҳисоблайдилар.
Худди шу сўровномада “Мамлакатингизда демократия фаолиятидан
қанчалик қониқасиз?” деган саволга берилган жавобларда; Британияликларнинг
атиги 28 фоизи, италияликларнинг 24 фоизи ва французларнинг 29 фоизи вазиятдан
қониқиш ҳосил қилган.
Бундан ташқари, сўровда қатнашган барча Ғарб мамлакатларида
одамлар иқтисодиёт ва молиявий тизим бой ва кучлилар учун сохталаштирилган, деб
ҳисоблашади. Бу кўрсаткич Италияда 72 фоиз, Буюк Британияда 71 фоиз, Францияда
69 фоиз, АҚШда 67 фоизни ташкил этади. Яъни одамлар ўз давлатларидаги ҳукумат
ва давлат раҳбарлари бой ва қудратлиларнинг манфаатларини кўпроқ эътиборга
олишади, деб ҳисоблайдилар.
“Европаликлар ва уларнинг қадриятлари: индивидуализм ва
индивидуаллашув ўртасида” номли тадқиқотда европаликларнинг фақат учдан бир
қисми ўз мамлакатлари демократик тарзда бошқарилади, деб ҳисоблайди ва фақат 20
фоизи сиёсий тизим фаолиятидан қониқиш ҳосил қилади. King's College London
Politika Институти томонидан олиб борилган яна бир тадқиқот шуни кўрсатадики,
Бирлашган Қиролликдаги одамларнинг катта қисми мамлакатдаги сиёсат уларнинг
манфаатларига хизмат қилмайди, деб ўйлайди. Мамлакат сиёсий тизимдан қониқиш
даражаси бўйича халқаро рейтингларда паст ўринларда туради. Буюк Британия
аҳолисининг атиги 17 фоизи мамлакатнинг сиёсий тизимидан "ўта мамнун
эканини" айтди. Ҳукумат ўрнига экспертлар томонидан сиёсий қарорлар қабул
қилиш ғояси ҳам рекорд даражада қўллаб-қувватланади. Тадқиқот шуни кўрсатадики,
мамлакатда яшовчи одамлар демократияни назарий жиҳатдан яхши тизим деб
билишади, аммо аксарияти Буюк Британияда демократиянинг юқори даражасига
ишонмайди.
Яна 2023 йилда Фридрих Эберт жамғармаси (FES) томонидан
Германияда демократиядан қониқиш бўйича ўтказилган сўровда "Германиядаги
демократия фаолиятидан қанчалик қониқасиз?" деган савол билан немисларнинг
34 фоизи норози, 17,2 фоизи эса умуман қониқмагани маълум бўлди. Гарчи
немисларнинг ярмидан кўпи ҳозирги демократик фаолиятдан норози эканликларини
билдирган бўлса-да, DW [4] (Дойч Велле телерадиокомпанияси) “стаканнинг тўла
қисмига эътибор қатарган ҳолда” бу хабарни ўз ўқувчиларига “Германия: сўров
натижаларига кўра, демократияга ишонч ҳали ҳам юқори даражада бўлмоқда"
шаклида тақдим қилди.
Худди шу тадқиқотда
"Институтларга ишонч" саволига кўра, федерал ҳукуматга ишонч 42,6
фоиз, Европа комиссиясига ишонч эса атиги 31,5 фоиз даражасида қолган.
Körber жамғармаси сўровига кўра, Германияда демократияга
ишонч тез суръатларда пасаймоқда. Фуқароларнинг сиёсий партияларга ишончи 2020
йилда 29 фоизни ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 20 фоизга камайди.
Бундан ташқари, респондентларнинг 71 фоизи етакчилар ва оммавий ахборот
воситалари жамият ҳақиқатидан ташқарида яшайди, деб ҳисоблайди.
Бошқарувга сайловсиз келган сиёсатчилар
Францияда ҳам вазият бошқача эмас. Масалан, президент
томонидан тайинланган бош вазирлар 1993 йилдан бери Миллий Ассамблеяда овозга
қўйилади ва кейин ўз лавозимига киришади. Бироқ Эммануел Макрон 2022 йилги
президентлик сайловларида парламентда кўпчилик ўринга эга бўла олмагани боис,
Элизабет Борне (2022-2024) ва Габриел Аттални парламент овозига қўймасдан, бош
вазир этиб тайинлади. Аслида, тайинланганидан кўп ўтмай, Аттал ўзининг собиқ
севгилиси Стефан Сежоурнени Европа ва ташқи ишлар вазири этиб тайинлади.
Анъанага кўра, конституциянинг президентга тақдим этган 49
прим 3 моддаси мунозаралар боши берк кўчага тушиб қолган ёки биринчи навбатда
фавқулодда вазият юзага келган ҳолларда қўлланилади. Бироқ Макрон, айниқса,
2022 йилда парламентдаги кўпчиликни қўлга кирита олмагани учун Бош вазирларни
тайинлашда, шунингдек, бир қатор қонун лойиҳаларини қабул қилишда ҳам Франция
Конституциясининг 49 прим3 моддасидан қайта-қайта фойдаланган. Бу амалиёт
бошқа депутатлар томонидан тез-тез танқид қилинади ва ҳукуматдан демократик тамойилларга риоя этиш талаб қилинади.
Европада миллий даражадаги демократиянинг мўртлиги узоқ
вақтдан бери Европа Иттифоқининг (ЕИ) бюрократик тузилиши ва сиёсати орқали
танқид қилинади. Гарчи Европа Иттифоқи Шарқий Европадаги аъзо давлатлар ёки
Туркия каби аъзоликка ариза берган давлатларга тез-тез демократия ҳақида
огоҳлантиришлар берса-да, Европа Иттифоқи институтларининг ўзи “демократик
дефицит” муаммосидан азият чекмоқда. Европа Парламенти сайланган вакиллардан
иборат бўлса-да, Европа Иттифоқининг энг муҳим ижро этувчи органи бўлган Европа
Комиссияси қонунлар, бюджетлар ва қоидаларни таклиф қилади ва амалга оширади.
Бироқ комиссияга тайинланган раис бошчилик қилади. Бу демократик мамлакатларда
ҳокимиятни одатда сайланган парламент ёки халқ томонидан сайланган президент
амалга ошириши керак деган тушунчага зиддир. Европа Иттифоқида ҳокимият
тайинланган раҳбар ва комиссиянинг бошқа тайинланган бюрократлари ва
технократларида тўпланган. Раис парламент томонидан тасдиқланса-да, амалда
комиссия раиси одатда аъзо давлатлар ўртасидаги ёпиқ эшиклар ортидаги
келишувларда белгиланади. Бу ҳолат демократиянинг асосий кўрсаткичи бўлган
овоз бериш жараёнига ҳам таъсир қилади. Иттифоққа ишончи заиф бўлгани сабаб
Европа Иттифоқи фуқароларининг атиги 50,66 фоизи 2019 йилги Европа Иттифоқи
сайловларида қатнашди.
Европа Иттифоқи ўтмишда бошқа мамлакатларни инсон ҳуқуқларини
поймол қилганликда танқид қилган бўлса-да, ҳозирги пайтда Юнонистоннинг
муҳожирларга қарши девор қуриш саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш ва Марокашга
босим ўтказиш орқали Ўрта ер денгизида минглаб муҳожирларнинг ўлимига кўз
юмишда давом этмоқда. Бу жараёнда Европа Иттифоқи Фронтех чегарани ҳимоя қилиш
агентлигини ташкил этиб, демократик қадриятларига зид иш қилгани учун танқид
қилинмоқда.
Европада демократия ва тинчлик учун энг катта таҳдид
ирқчиликнинг кучайиши ва ўтмишдагидек расисизм ва фашистик сиёсий
ҳаракатларнинг кучайишидир. Ўта ўнг партиялар Францияда тарихий юксалишни
бошдан кечираётган бўлсалар-да, улар Италиядаги ва кутилмаганда ҳатто
Нидерландия каби либерал демократик мамлакатлардаги сайловларда ҳам ғалаба
қозонишди. Германияда баъзи сиёсатчилар ўта ўнгчи АфД партиясининг демократия
учун энг катта таҳдид сифатида кучайиб бораётганини хавотир билан кузатмоқда.
Натижада, Европа демократияси Иккинчи жаҳон урушидан кейин
шаклланган гуманистик, либерар ва демократик қадриятлардан аста-секин
узоқлашмоқда. Европада демократияга бўлган ишонч назарий даражада қолса-да,
амалда у жуда заифлашаётгани кўринмоқда. Европа жамоатчилигининг мутлақ
кўпчилиги ўз мамлакатларида демократиянинг сусайишидан норози, бу эса
сўровларда яққол кўриниб турибди. Францияда бўлгани каби, "Ким келса ҳам,
ҳеч нарса ўзгармайди!" деган кайфиятдаги одамлар овоз бермасликка мойил
бўлиши, катта демократик инқирозга йўл очмоқда.
Кўпроқ иш ташлашлар ва намойишлар ўтказиб, ўз ҳуқуқларини
сиёсий элитизм, маъмурлар ва бюрократиядан ҳимоя қилмоқчи бўлган одамлар
демократия асосларини шубҳа остига қўймоқда. Бундан ташқари, Европада ўта ўнг
ҳаракатларнинг кучайиши Европа тарихидаги фашистик даврларга қайтиш ҳақидаги
хавотирларни кучайтиради. Туғилишнинг камайиши Италия, Испания ва Франция каби
мамлакатларни хавотирга солаётган бўлса-да, иммиграция сиёсатидаги қатъийлик ва
миллатчилик Европа қадриятларига зид келади.
ЕИнинг қарорлар қабул қилиш жараёнида бюрократик ва технократик функционаллиги демократик қадриятларга мос келмайди ва аъзо мамлакатлардаги одамларнинг ишончига путур етказади. Европа ўзининг демократик қадриятларини ўзлаштириши, одамларнинг овоз бериш тенденцияларини ошириши ва муҳожирларга нисбатан ўзининг гуманистик қадриятларига қайтиши керак. Соғлиқни сақлаш соҳасида ислоҳотлар олиб бориш, иқтисодий қийинчиликлар ва турмуш шароити туфайли туғилиш кўрсаткичларининг тез пасайиб кетишига шошилинч ечим топиш лозим. У ирқчиликка қарши курашда самаралироқ бўлиши, ривожланаётган дунё билан ҳамқадам бўлиши ва эски бюрократик тузилмасини янгилаши керак. Агар Европа давлатлари бу қадамларни қўя олмасалар, жиддий иқтисодий инқирозга юз тутганларида глобал рақобатчиларга нисбатан иқтисодий, ижтимоий ва институционал жиҳатдан кучсизлашиб, янада заифроқ ҳолатда тушиши муқаррар.
Др. Невзет Челик,
Париж истиқбол тадқиқотлари маркази (PARC) директори