Франция спорт тадбирларида мусулмон аёлларининг ҳижоб ўрашини қонунан чекламоқчи
Франция парламентида спорт тадбирларида диний рамзлар, жумладан, мусулмон аёлларининг ҳижоб ўрашига чеклов қўювчи қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Бу қарор жамиятда катта мунозараларга сабаб бўлиб, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва мусулмонлар жамоаси вакиллари томонидан кескин танқид қилинмоқда.
Ҳижоб тақиқланиши мусулмон аёлларнинг спортда иштирок этишига тўсиқ бўладими?
Khlass Les Cliches фуқаролик ташаббуси асосчиси, мусулмон аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи фаол Рани Белҳи ушбу қонунни қаттиқ қоралаб, уни мусулмон аёлларни жамиятдан четлаштиришга қаратилган қадам сифатида баҳолади.
“Биз ҳар қандай камситишларга қаршимиз. Бироқ айнан мусулмон аёллари Францияда исломофобияга энг кўп дуч келаётган қатламлардан бири. 2004 йилда мактабларда ҳижоб ва диний рамзларни тақиқловчи қонун қабул қилинганидан бери чекловлар тобора кучаймоқда. Энди эса спорт соҳасида ҳам ҳижобга тақиқ қўйилмоқда, бу эса спортга интилаётган мусулмон аёллар учун катта тўсиқ бўлиб хизмат қилади”, дейди Белҳи.
Унинг таъкидлашича, христиан спортчилар ўз диний белгиларини тақишади ёки таналарига диний татуировкалар туширишади, бироқ бу ҳеч қачон тақиқланмаган. “Нега айнан мусулмон аёллар ҳижоби муаммо сифатида кўрилмоқда?”, дея савол беради ҳуқуқ фаоли.
Франция диний эркинликларни чекловчи ягона давлатми?
Франция 2004йилда мактабларда ҳижоб ва бошқа диний рамзларни тақиқлаган биринчи мамлакат бўлган. 2010 йилда эса жамоат жойларида бурқа ва ниқоб кийиш бутунлай ман этилди, бу қоидани бузганларга 1500 еврогача жарима солиниши белгиланди.
Сўнгги йилларда ҳижоб масаласидаги чекловлар кенгайиб, у ҳатто оналарнинг болаларини мактаб экскурсияларига кузатишига ҳам таъсир ўтказган. 2012 йилда президент Николас Саркози даврида оналарнинг ҳижоб билан экскурсияларда қатнашиши ман этилган эди. Бироқ 2013 йилда Франция Давлат Кенгаши бу тақиқни бекор қилди.
Эндиликда Сенат томонидан қабул қилинган янги қонун лойиҳаси спорт соҳасида ҳижоб ўрашга тўлиқ чеклов жорий этишни назарда тутади. Бироқ унинг кучга кириши учун у ҳали миллий парламентнинг қуйи палатаси – Миллий Ассамблея томонидан ҳам маъқулланиши керак.
Тақиқларнинг ижтимоий оқибатлари
Ҳуқуқ фаолларининг фикрича, спорт мусулмон аёллари учун жисмоний ва руҳий саломатликни сақлаш, жамиятга интеграциялашув ва ўзини намоён қилишнинг муҳим воситаларидан биридир. Ҳижобни тақиқлаш эса бу имкониятларни йўққа чиқаради.
“Франция мусулмон спортчилар учун ҳижобни тақиқлаган ягона давлат сифатида халқаро танқидларга учрамоқда. Ҳатто Олимпия ўйинларида ҳам мусулмон спортчиларнинг ҳижоб билан иштирок этишига рухсат берилган, аммо Франция буни рад этмоқда. Бу эса инсон ҳуқуқлари ва диний эркинликларни бузилишига олиб келмоқда”, дейди Белҳи.
Фаоллар Франциянинг бу қарорини демократик тамойилларга зид деб баҳоламоқда ва уни мусулмон аёлларни жамиятдан четлаштириш сиёсатининг бир қисми деб билмоқда. Агар қонун қабул қилинса, ҳижоб таққан мусулмон аёллар ҳатто ҳаваскор спорт мусобақаларида ҳам иштирок эта олмайди.