Fitch Исроил рейтингини «А»га туширди; прогноз «салбий»
Fitch Ratings халқаро рейтинг агентлиги Исроил кредит рейтингини салбий прогноз билан «А+» дан «А»га туширганини эълон қилди. Ушбу қарор Ғазода давом этаётган урушнинг салбий таъсири, ортиб бораётган геосиёсий хатарлар ва мамлакат молиясининг барқарорлигига таҳдид соладиган сезиларли иқтисодий зарар билан боғлиқ.
Fitch назарида Ғазодаги чўзилган можаро Исроил давлат
молиясига жиддий босим
туғдирмоқда. Агентлик прогнозларига кўра, 2024 йилда бюджет тақчиллиги
ялпи ички маҳсулотга нисбатан 7,8 фоизни ташкил этади, давлат қарзи даражаси
эса ўрта муддатли истиқболда ЯИМнинг 70 фоизидан юқори бўлиб қолади. Бу
рақамлар нафақат ҳарбий ҳаракатлар ва жабрланган ҳудудлар аҳолисини кўчириш
билан боғлиқ юқори харажатлар, балки инфратузилма ва саноат фаолиятига етказилган иқтисодий зарар
билан ҳам боғлиқ. Fitch, шунингдек,
Жаҳон банкига кўра
бошқарув кўрсаткичлари ёмонлашиши кутилаётгани, бу эса мамлакатнинг кредит
қобилиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлайди.
Fitch можаро 2025 йилгача давом этиши, бошқа жабҳаларда кенгайиши, ҳарбий
харажатлар ва қарз юкларининг янада ошишига олиб келишидан хавотирда. Агентликнинг огоҳлантиришича, можаро инсоний
харажатлардан ташқари, инфратузилма вайрон бўлишига ва узоқ муддатли иқтисодий
оқибатларга, жумладан, сармоя ва саноат фаоллигининг пасайишига олиб келиши
мумкин.
Fitch башоратига кўра, Исроил ҳукумати ҳарбий харажатларни
доимий равишда оширишга мажбур бўлади, бу мажбурий ҳарбий хизматни кенгайтириш
ва қурол ишлаб чиқаришни кўпайтиришни ўз ичига олиши мумкин. Ушбу қадамлар,
эҳтимол, қўшимча харажатларга олиб келади ва мамлакат учун қўшимча молиявий
хавфларни келтириб чиқаради.
Fitch рейтингни пасайтириш қарори давом этаётган можаролар
ва геосиёсий кескинликлар шароитида Исроилнинг узоқ муддатли иқтисодий
барқарорлиги ҳақидаги хавотирларни акс эттирганини таъкидлайди. Агентлик
фикрича, вазиятнинг янада ёмонлашиши, айниқса, уруш кутилганидан узоқ давом
этса ва иқтисодий вазиятнинг янада ёмонлашишига олиб келадиган бўлса,
мамлакатнинг кредит рейтингига қўшимча босим ўтказиши мумкин.
Яқин Шарқдаги можаро июль ойи охири ва август ойи бошида бир
қанча муҳим шахслар, жумладан Исмоил Ҳания, Ливан Ҳизбуллоҳи қуролли кучлари
қўмондони Фуад Шукр ва ХАМАСнинг ҳарбий қаноти раҳбари Муҳаммад Деифнинг
ўлимидан сўнг авж олди. Уларнинг ўлдирилишида Исроил айбланган, бу эса
минтақада кескинликнинг кучайишига олиб келган ва мусулмон жамоалари орасида
хавотир уйғотган.