07.12.2023 14:42

Фаластин черкови Рождество байрамини нишонлашдан воз кечди

Босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги насронийлар Ғазо халқи учун ҳамдардлик рамзи ўлароқ Рождество байрамларини ўтказмасликка қарор қилди, дея хабар бермоқда Anadolu.

“Ғазода халқимизга қарши геноцид содир этилаётган экан, биз Исо Масиҳнинг туғилган кунини нишонлай олмаймиз. Биз байрамни ҳис қилмаяпмиз”, - деди Эвангелист черков пастори Мунзир Иcхак.

Черков христианлар учун ушбу муқаддас кунда ибодатлар ва черков маросимлари билан чекланишга қарор қилди. Европа ва Америка шаҳарлари Исроилни астойдил қўллаб-қувватлаб, кўчаларни Рождество гулчамбарлари билан безаб турган бир пайтда, Байтлаҳмдаги черковлардан бири одатдагидек Биби Марям ва Исо тасвирланган ҳайкалчалар ўрнига бетон бўлаклардан Рождество безакларини ясади.

Ғазодаги вайроналар остида қолган болаларни эслатувчи ўйинчоқ жойлаштирди. Исхакнинг сўзларига кўра, бу безак Фаластин халқига ва бутун дунёга мурожаатдир.

“Бизнинг ўзимизга айтадиган хабаримиз шуки, Худо биз билан, У бизни қийинчиликда қолдирмайди. Исо бу дунёга оғриқ ва азоб чекаётганларга ёрдам бериш учун келган. Тангри мазлумлар биландир. Иккинчидан, биз бутун дунёдаги насроний черковларига Рождество Фаластинда шундай кўринаётганини айтмоқчимиз. Биз қириб ташланмоқдамиз; геноцид фаластинликларни аямаяпти. Афсуски, Масиҳ фарзанди ҳақида ўйлаганимизда, биз Ғазода шафқатсизларча ўлдирилган гўдакларни эслаймиз”, — деди Исхак.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.