21.05.2024 19:25

Эроннинг юқори амалдорлари битта вертолётда: Парвоз протоколларига риоя қилинганми?

Эрон президенти Иброҳим Раисий ва ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллаҳиён ҳаётган кўз юмган вертолёт ҳалокати сабаблари ҳақида ҳозирча расмий баёнот берилгани йўқ. Бироқ ушбу ҳалокатда парвоз протоколларига риоя қилинганми ёки йўқми – бу борада мутахассисларнинг дастлабки фикрлари диққатга сазовордир. Зеро бундай об-ҳаво ва ер шароитида вертолётдан фойдаланиш айрим қўлланма ва талабларга риоя этилмаганидан дарак беради.

Табиий равишда бахтсиз ҳодисадан кейин кўплаб саволлар пайдо бўлди ҳам. Нима учун вертолётларга туманли об-ҳаво шароитида учишга рухсат берилди? Юқори даражали амалдорларнинг битта вертолётда бўлишлари тўғрими? Вертолётнинг техник ҳолати ва техник хизмат кўрсатиш жараёнлари қандай эди?

TRT Haber авиация соҳаси мутахассиси, Айдин Аднан Мендерес университети профессори Ҳусейин Челикка шу каби саволлар билан юзланди. Челик ҳодисанинг техник жиҳатларини ҳам, парвоз хавфсизлиги билан боғлиқ муҳим нуқталарни ҳам баҳолади.

Умуман олганда, юқори даражали амалдорлар хавфсизлик нуқтаи назаридан турли самолётларда учишади. Бироқ бу халқаро қоида эмас ва тартиблар ҳар бир мамлакатда фарқ қилиши мумкин.

Туманли ҳавода вертолётлар уча оладими?

Ҳодиса содир бўлган ҳудуд анчагина тепалик ва оғир об-ҳаво шароитига эга. Ҳусейин Челик "Туманли ҳавода вертолётларни ҳавога кўтариш умуман хавф туғдиради" деди ва қуйидагича давом этади:

“Вертолётларнинг учишига рухсат бериш-бермаслик об-ҳаво шароити, учувчининг маҳорати ва вертолёт жиҳозларига боғлиқ. Вертолётлар одатда визуал парвоз шароитида (VFR – атрофни кўриб турган ҳолда) учишни афзал кўришади. Бироқ паст кўриниш шароитида, масалан, туманли об-ҳаво муҳитида асбоб-ускуналар билан учиш шартлари (IFR) талаб қилиниши мумкин. IFR самолёт ва вертолётларда фақат асбоб-ускуналарга таяниб, ташқарига қарамасдан учиш имконини беради.

"Юқори даражали амалдорларнинг битта вертолётда учиши тўғри эмас"

Профессор Ҳусейн Челик Эрон президенти ва ташқи ишлар вазирининг битта вертолётда бўлиши хатарли эканини билдирди. Бироқ у яна бир нуқтага ҳам эътибор қаратади:

"Одатда олий мартабали шахслар хавфсизлик нуқтаи назаридан турли самолётларда учишади. Бироқ бу халқаро қоида эмас ва давлатдан давлатга фарқ қилиши мумкин. Эроннинг бу масала бўйича муайян протоколи бор ёки йўқлигини билмайман, лекин уларнинг айни вертолётда учишлари мақсадга мувофиқ эмас".

"Вертолётда боришлари катта хато эди"

Мутахассис, шунингдек, вертолётда учиш шартлари аслида қандай бўлиши кераклигига тўхталиб ўтди.

"Уларнинг вертолётда боришлари катта хато эди, бу ҳолатда самолётда учишлари керак эди. Вертолётлар одатда VFR шароитида учишни афзал кўради. IFR шароитида асбобларга таяниб учасиз. Эрон авиация расмийлари ушбу ҳалокатда вертолёт VFR ми ёки IFR орқали учгани бўйича маълумотларни очиқлашлари керак. Бироқ қулаганига қараганда, катта эҳтимол билан VFR шароитида учишган ва туманли ҳавода учмасликлари керак эди”.

"Вертолётга техник хизмат кўрсатиш ва учувчининг тажрибаси сўроқ қилиниши керак"

Ҳусейн Челик Эроннинг узоқ вақтдан бери Американинг эмбаргоси ​​остида бўлганини ва бу эҳтиёт қисмлар тақчиллигига олиб келганини айтди.

"Вертолётга техник хизмат кўрсатилиши ва учувчининг тажрибаси ҳам сўроқ қилиниши керак", деди Челик. "Электрон тиқилиб қолиш каби омиллар ҳам эътиборга олиниши керак. Электрон чувалаштириш самолёт қурилмалари ва тизимларини бузиш учун ишлатилади ва ушбу ҳалокатда мазкур эҳтимол ҳам кўриб чиқилиши керак”.

Вертолётларнинг юқори баландликларга чиқиш имконияти чекланганини билдирган Челик "Вертолётлар одатда пастроқдан учади ва бу хавфли. Шунингдек, учта вертолёт бирга учганми? Президент ва ташқи ишлар вазири бўлган вертолёт нима учун ҳалокатга учради? Бу саволларга жавоб топиш керак»лигини таъкидлади.

"Авиация қоидаларига риоя қилинмаса, ҳалокат муқаррар"

Профессор ёмон об-ҳаво шароитида вертолётлар танланмаслиги кераклигини қайд этди. Унинг сўзларига кўра,  учувчи парвоздан олдин об-ҳаво шароити ва метеорологик маълумотларни текшириши керак эди. “Туманли ва тоғли ерларда учиш хавфли ва авиация қоидаларига риоя қилинмаса, ҳалокат муқаррар”, - деди у.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.