15.11.2024 13:20

«Эронга!»: Франция ҳижоб тарафдорлари ҳақида

Франция ички ишлар вазири Бруно Ретайо мусулмонларга ҳижобни чеклаш бўйича янги ташаббус билан чиқди. BFMTV телеканалига берган интервьюсида: “Ҳижоб аёлларнинг қадр-қимматини камситувчи белгидир” ва “исломийлашувнинг ғалабаси”, деди.

Ретайо, шунингдек, спорт тадбирларида ҳижоб кийишни тақиқлашни ёқлаб, "барча диний, сиёсий ёки касаба уюшмалари рамзлари бизни бирлаштирадиган спорт қадриятларига зид", деб таъкидлади.

“Ҳижоб кийишни шунчаки эркинлик белгиси сифатида қўллаб-қувватловчилар учун мен Эронга боришни таклиф қиламан. Ахир нима учун ёш аёллар ҳижобни ечиш эркинлиги учун у ерда ўлишади?”, деди вазир.

2 октябрь куни Миллий ассамблеянинг Қонунчилик комиссиясининг йиғилишида Ретайо “жуда тажовузкор сиёсий ислом”ни қоралаган ва “айирмачиликка қарши курашдан сиёсий исломга қарши курашга” ўтиш ниятини эълон қилган эди. Вазир ички хавфсизлик бош бошқармасидан (DGSI) батафсил ҳисобот талаб қилишни ва унинг махфий бўлмаган қисмини оммага ошкор этишни режалаштирмоқда.

Европада исломофобияга қарши жамоа (CCIE) маълумотларига кўра, 2022 йилда қайд этилган 527 та исломофобия ҳодисасининг 80 фоизи ҳижоб кийган мусулмон аёлларга қарши қаратилган. 2004 йилдан бери мунтазам равишда пайдо бўлган исломофобия билан боғлиқ можаролар кўпинча мусулмон аёлларнинг кийимлари: анъанавий ҳижоб, ниқоб, бурқа, абая, шунингдек, уларнинг мактаб тадбирларидаги иштироки билан боғлиқ.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.