28.06.2024 16:13
Эронда президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Ушбу пойгада кимлар иштирок этди?
Эронда бугун, 28 июнь куни муддатидан олдин президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Ушбу лавозимни эгаллаш учун форс мамлакатида тўрт номзод курашмоқда. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар берди.
Қайд этилишича, президентликка номзодларнинг уч нафари консерваторлар (марҳум президент Иброҳим Раисий ҳам шу лагерга кирган) лагерига, тўртинчиси эса "реформатор"ларга тегишли.
Номзодлардан бири – 62 ёшли Муҳаммад Бағир Ғолибаф 2020 йилдан Эрон Мажлиси (парламенти) спикери, Теҳроннинг собиқ мэри (2005–2017), Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ҳаво кучлари собиқ қўмондони (1997–2000 йиллар) бўлган. У президентликка уч марта – 2005, 2013 ва 2017 йилларда номзод қилиб кўрсатилган. Охирги марта Раисий фойдасига номзодини қайтариб олган.
Иккинчи номзод Саид Жалилий 2007 йилдан бери олий раҳнамо Оятуллоҳ Ҳоманаийнинг Олий миллий хавфсизлик кенгашидаги вакили ҳисобланади. Маҳмуд Аҳмадинажод президент бўлган (2005–2013) даврда у Олий хавфсизлик кенгаши котиби ва ядровий масалалар бўйича бош музокарачиси лавозимида ишлаган. Жалилий икки марта — 2013 ва 2021 йилларда президентликка номзодини қўйган.
Президентлик пойгасидаги ягона диний уламо – 63 ёшли Мустафа Пурмуҳаммадий собиқ адлия вазири (2013–2017) ва ички ишлар вазири (2005–2008) бўлган. 2013 йилги президентлик сайловларида номзоди илгари сурилган, бироқ номзодини қайтариб олган.
Ниҳоят "ислоҳотчи"лардан ягона номзод бўлган 69 ёшли Масуд Пезешкиян 2008 йилдан Мажлис аъзоси (вице-спикер ҳам бўлган) ҳисобланади. Собиқ соғлиқни сақлаш вазири (2001–2005), кардиожарроҳ. У сиёсий фаолиятидан олдин беш йил давомида Табриз тиббиёт фанлари университетини бошқарган.
У 2021 йилги президентлик сайловларида иштирок этиш учун ариза берган, бироқ қатнашишга рухсат этилмаган. Бошқа номзодларнинг позициялари Раисий сиёсатига мос келса-да, Пезешкиан вақти-вақти билан расмийларни танқид қилади ва АҚШ билан муносабатларни яхшилаш ва аёллар эркинлиги, жумладан, ҳижоб ўраш масаласида ҳимоя қилади.
Маълумот учун, Эроннинг собиқ президенти Иброҳим Раисий 19 май куни вертолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлганди. У Озарбайжон билан чегарадаги Аракс дарёси тўғонининг очилиш маросимидан қайтаётган эди. Унга ҳамроҳлик қилган делегация, жумладан, Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиян ҳам вафот этган.
Раисийнинг дафн маросими 23 май куни у туғилган шаҳар Машҳадда бўлиб ўтади. Марҳум билан видолашув маросими 21 май куни Табризда бошланган. Кейин президентнинг жасади Қум, Теҳрон ва Биржандга ҳам юборилади. Эронда беш кунлик миллий мотам эълон қилинди.
Мамлакат конституциясига мувофиқ, Раисийнинг ваколатлари вақтинча Муҳаммад Мохберга ўтган. У Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий томонидан тасдиқланганидан кейин 50 кун давомида ижроия ҳокимиятини эгаллаган.