Эронда “Чаршамба Сури” анъанавий олов фестивалига (ҳижрий тақвим бўйича янги йил бошланишидан олдинги охирги сешанба) тайёргарлик жараёнида содир бўлган бахтсиз ҳодисалар натижасида 14 киши ҳалок бўлди, 3253 киши жароҳатланди.

Байрамлар Теҳронда кечки соатларда пиротехника ва қўлбола портловчи қурилмалардан фойдаланиш билан бошланди.

Эрон пойтахти осмонини том маънода туман қоплаган эди. Деярли барча кўчаларда феерверк ва петардадан фойдаланилган.

Пойтахт аҳолиси истироҳат боғларига йиғилиб, гулханлар устидан сакраб ўтишди (анъанавий олов фестивали).

Шаҳарнинг барча бурчакларидан гумбурлашлар эшитилди. Байрамлар ярим тунгача давом этди.

Эроннинг Меҳр ахборот агентлиги хабарига кўра, байрамга тайёргарлик бошланган 20 февралдан 12 мартгача Чаршамба Сури байрами муносабати билан 14 киши ҳалок бўлган, 3253 киши жароҳатланган.

Қайд этилишича, ярадорларнинг 189 нафари оёқ-қўлларидан айрилган, 981 нафари турли даражадаги куйишлар олган.

Теҳрон ўт ўчириш хизмати вакили Жалол Мелекийнинг айтишича, 12 март соат 07.00 дан 22.30 гача Хизматга 6416 та қўнғироқ келиб тушган, ўт ўчирувчилар 230 та жойда ишлаган.

Эронда Янги йил (Наврўз) олдидан охирги сешанба куни анъанавий равишда ҳамма жойда гулханлар ёқилади, улар устидан асосан болалар ва ёшлар сакрашади. Салютлар отилиб, қўлбола портловчи қурилмалар қўлланилади. Ушбу байрамларга тайёргарлик пайтида содир бўладиган бахтсиз ҳодисалар ҳар йили ўнлаб эронликларнинг ҳаётига зомин бўлади, юзлаб одамлар жароҳатланади.

Эронда Наврўз ҳижрий тақвим бўйича 21 мартда нишонланади.

Мавзуга алоқадор