10.08.2024 13:35

Эронда бир кунда 29 киши қатл қилинди – BBC

Эронда чоршанба куни камида 29 киши, жумладан, мамлакат қамоқхоналаридан бирида 26 маҳкум гуруҳ бўлиб қатл қилинди, дея хабар беради BBC инсон ҳуқуқлари ташкилотларига таяниб.

Жумладан, Норвегиянинг Iran Human Rights ташкилоти Теҳрон яқинидаги Кереж шаҳридаги Гезелхезар қамоқхонасида 26 киши, Кередж шаҳар қамоқхонасида яна уч киши қатл этилганини билдирди.

БМТ маълумотларига кўра, мамлакатда жорий йилда камида 345 та ўлим жазоси ижро этилган, улардан 15 таси – аёлларга нисбатан.

Қатл этилганлар, жумладан, икки Афғонистон фуқароси қотиллик, гиёҳвандлик ва зўрлашда айбланган.

Бошқа ҳуқуқ гуруҳлари, жумладан АҚШда жойлашган Human Rights Activists (HRANА) инсон ҳуқуқларига ихтисослашган ахборот агентлиги ва Эрондаги Инсон ҳуқуқлари маркази (CHRI) ҳам Кережда камида йигирма киши қатл этилганини тасдиқлади.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Эронни 2022 йилги норозилик намойишларидан кейин жамоатчиликда қўрқувни уйғотиш учун ўлим жазосидан фойдаланганликда бир неча бор айблаб келади. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳисоб-китобларига кўра, Эрон ҳар йили, Хитойдан ташқари, дунёнинг бошқа мамлакатларига қараганда кўпроқ одамни қатл қилади.

“Халқаро ҳамжамиятдан зудлик билан жавоб бўлмаса, яқин ойларда юзлаб одамлар Ислом Республикасининг қотиллик машинаси қурбонига айланиши мумкин”, деди IHR директори Маҳмуд Амири-Муғаддам.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.