04.12.2024 09:35

Эрон ва Саудия Арабистони ўртасида ҳаво қатнови 9 йилдан сўнг тикланди

Эрон ва Саудия Арабистони ўртасида 9 йилдан кейин ҳаво қатнови тикланди, дея хабар бермоқда Anadolu агентлиги. Парвозлар Машҳад-Даммам йўналишида амалга оширилади.

Эроннинг ISNA ахборот агентлиги хабарига кўра, Машҳад шаҳридан учган йўловчи самолёти Даммам шаҳрида жойлашган Қирол Фаҳд халқаро аэропортига қўнган.

Келишув доирасида Даммам ва Машҳад ўртасидаги рейслар ҳафтасига икки марта амалга оширилади.

Эрон-Саудия муносабатларидаги инқироз 2016 йил 2 январда Саудия Арабистони «терроризм»да айбланиб, 47 кишини, жумладан, таниқли шиа руҳонийси Нимр ан-Нимрни қатл қилганидан кейин бошланган.

Бунга жавобан Эрондаги намойишчилар Саудия Арабистони элчихонаси ва Машҳаддаги Саудия консуллиги биноларига ўт қўйди.

2015 йилнинг март ойида бошланган Яман инқирози туфайли икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар 3 январь куни бутунлай узилди.

2023 йил 10 март куни Хитой ва Ироқ ташаббуси билан Эрон ва Саудия Арабистони дипломатик муносабатларни тиклаш ва ўзаро асосда элчихоналар очишга келишиб олди. 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.