12.11.2024 12:06
Эрон ва Саудия Арабистони ҳар томонлама ҳамкорликни кучайтирмоқчи
Эрон президенти Масуд Пезешкиан Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд телефон орқали мулоқот чоғида икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришга содиқ эканликларини билдирдилар. Бу ҳақда Эрон президенти девони баёнотида маълум қилинди.
Баёнотга кўра, Эрон президенти муҳим ички ишлар туфайли Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Араб Лигасининг душанба куни Ар-Риёдда ўтказилган навбатдан ташқари қўшма саммитида қатнаша олмаслигини тушунтирган. Унинг ўрнига тадбирда Эрон томонидан биринчи вице-президент Муҳаммад Ризо Ориф вакиллик қилди.
Масуд Пезешкиан саммит Исроилнинг минтақадаги ҳарбий амалиётлари, Ғазо сектори ва Ливанда давом этаётган можаролар каби муаммоларни ҳал этишда салмоқли натижалар беришига ишонч билдирди.
Эрон президенти, шунингдек, ўз мамлакати икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини таъкидлади, бу икки етакчининг турли соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга интилишларига жавоб беради.
Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси, ўз навбатида, Масуд Пезешкианга қўнғироқ учун миннатдорлик билдириб, Эрондаги вазиятни тушунишини билдирди ва Эрон раҳбариятига муваффақиятлар тилади.
Валиаҳд шаҳзода икки давлат ўртасидаги муносабатлар бурилиш палласида эканини таъкидлаб, икки томонлама муносабатлар барча соҳаларда максимал даражага кўтарилиши ва Ар-Риёдга ташрифи чоғида Муҳаммад Ризо Ориф билан бу борада музокаралар олиб борилишига умид билдирди.
Икки давлат раҳбарлари яқин келажакда ўзаро давлат ташрифларини амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Саудия Арабистони ва Эрон 2023 йил апрелида етти йиллик совуқчиликдан сўнг Хитой воситачилигида дипломатик муносабатларни тиклади.