27.12.2023 21:50

Эрон ва Миср 44 йил ўтиб дипломатик алоқаларни тиклаш ниятида

Теҳрон ва Қоҳира 40 йилдан ортиқ давом этган кескин муносабатлардан сўнг дипломатик муносабатларни тиклашга умид қилмоқда, деб ёзади Эрон матбуоти.

“Ҳозиргача олиб борилган музокаралар истиқболли бўлди. Иккала давлат ҳам ўзаро келишмовчиликларни бартараф этиш учун яхши йўлдан бормоқда ва тез орада янги дипломатик саҳифа очишни режалаштирмоқда. Алоқаларни тиклаш нафақат икки давлатга, балки бутун ислом оламига, айниқса Ғазодаги ҳозирги можаро фонида фаластинликларга фойда келтиради”, - дея таъкидлади Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Насир Канани.

Ўз навбатида, Миср ТИВ расмий вакили Аҳмад Абу Зайд мамлакат ташқи ишлар вазири Самих Шукрий эронлик ҳамкасбига қўнғироқ қилгани, суҳбат чоғида Ғазодаги вазият ҳамда икки томонлама масалалар муҳокамаси давом эттирилганини маълум қилди.

Икки давлат ўртасидаги мустаҳкам алоқалар 1980 йилда, Эронда Ислом инқилоби ғалаба қозонгани, Мисрнинг Исроилни тан олганидан кўп ўтмай узилган. Шу тариқа Миср Эронда элчихонаси бўлмаган ягона араб давлатига айланди. Мисрнинг 1979 йилда Исроил билан Кэмп-Дэвид келишувини имзолаши, Эрон-Ироқ уруши (1980-1988) даврида Мисрнинг Ироқни қўллаб-қувватлаши, Миср президенти Анвар Садат қотили Халид Исламбулининг Эронда улуғланиши ва қаҳрамон сифатида эътироф этилиши, Мисрнинг АҚШ ва аксарият Ғарбий Европа давлатлари билан яқин алоқалари икки давлат ўртасидаги келишмовчиликларнинг асосий сабаблари ҳисобланади.

2007 йилдан буён Эрон ва Миср ўртасидаги муносабатларда, асосан, савдо ва дипломатик саъй-ҳаракатлар туфайли бироз илиқлик кузатилмоқда. 2008-2009 йилларда Исроил Ғазо секторида ҳарбий операция ўтказганида, Эрон ва Миср сиёсатчилари можаронинг кучайиши муносабати билан ҳаракатсизликда айблашди. Умуман олганда, 2012 йил февралида президент Ҳусни Муборакнинг истеъфога чиқишига сабаб бўлган Мисрдаги инқилобгача Эрон ва Миср ўртасидаги муносабатларда сезиларли яхшиланиш кузатилмади. Шу йилнинг апрель ойида Эрон Мисрга элчи тайинлади. Август ойида Мисрнинг янги президенти Муҳаммад Мурсий Эронга ташриф буюрди ва мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама дипломатик муносабатларни тиклаш қарори қабул қилинди. Кўп йиллар давомида биринчи марта Мисрнинг Эрондаги элчиси тайинланди. Гарчи мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар изчил яхшиланаётган бўлса-да, ҳалигача кўплаб ҳал этилмаган муаммолар мавжуд бўлиб, муносабатларнинг кейинги ривожланиши шубҳа остида қолмоқда. Бу муаммоларнинг салмоқли қисми Саудия Арабистони ва Ғарб давлатлари каби учинчи давлатлар билан алоқалар билан боғлиқ.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.